Янги йил – мўьжизалар байрами
Ям-яшил ясатилган арчанинг “ял-ял” ёниб турган чироқларини бир олам завқ билан кузатиб турган болакайга ҳеч назар солганмисиз?! Унинг мурғак қалби бу байрамдан ўзгача мўъжиза кутаётгандек, жумлаи-жаҳон шу арчанинг митти чироқларидан нур олаётгандек, ўша нурнинг бир шулъаси болажоннинг жажжи кўзларида порлаётгандек, гўё.
Ушбу шодиёнани болакайлар арча, “Қорбобо, қорқиз”, турли эртак қаҳрамонларисиз асло тасаввур эта олишмайди. Болажонлар учун айниқса, ҳайвонлар билан биргаликда нишонланган Янги йил байрами ўзгача таассуротларга бой бўлади.
Сир эмаски, Янги йил шодиёнаси арафасида қўғирчоқ театрлари, турли болалар студиялари, миттивойлардан ташкил топган гуруҳлар кичкинтойлар учун ёқимли байрам дастурларини намойиш этишга астойдил ҳаракат қилади. Аксарият ота-оналар айниқса, Янги йил байрами арафасида республикамизда уюштирилаётган бу каби томошаларга алоҳида қизиқиш билдиради. Ахир, фарзандингиз билан биргаликда маданий ҳордиқ чиқаришга нима етсин! Бу борада Ўзбек цирк жамоаси ҳам байрамда болалар учун мўлжалланган махсус дастур ҳозирлашмоқда. Биз Янги йил арафасида цирк жамоаси ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар борасида қизиқдик.
Ўзбекистон Давлат циркига ташриф буюрганимизда Александр Вольков асари асосида саҳналаштирилган “Зумрад шаҳар сеҳргари” номли Янги йил байрами катта дастурининг репетитция жараёнининг гувоҳи бўлдик. Айтиш жоизки, бу ерда болажонлар учун 28 декабрдан 10 январгача намойиш этилиши режалаштирилаётган байрам томошасига тайёргарлик ишлари қизғин тус олган.
– Бу йилга байрам дастуримизни олдинги йиллардагидан ўзгача тарзда ўтказишни мақсад қилганмиз. Дастурга 42 нафар цирк артистлари, акробатлар, ҳавода ҳаракатланувчи гимнастикачилар, кўзбойлоғичлар, балериналар, ҳалқа ўйини, моноцикл, фокусчилар жалб этилган. Ушбу байрамнинг ўзига хос қаҳрамонлари саналган ҳайвонлар ҳам дастуримизнинг асосий қаҳрамонлари саналади. Улардан итлар, мушуклар, эчкилар, туялар қатнашишади. Ушбу эртакни саҳналаштиришдан кўзланган асосий мақсад, болаларни аҳил, меҳрибон, қўрқмас ва мард бўлишга ундашдан иборат, – дейди Ўзбек давлат цирки бош режиссёри Гулнора Каримова.
Эртакнинг қисқача мазмуни шундан иборатки, Элли исмли қизча кичкина бир уйчада Тотошка номли кучукчаси билан Канзас ўлкасида яшайди. Кунларнинг бирида кучли бўрон туриб, қизча ва унинг мўъжаз уйчасини учириб юборади. Эртак қаҳрамонлари ҳавода парвоз этиб, сеҳрли бир мамлакатга бориб қолишади. Элли ва Тотошка ўз ватанига қайтгунига қадар кўп саргузаштларни бошдан кечиришади. Қўриқчи, темир ўтинчи ва қўрқоқ шер билан ёвуз сеҳргарларни енгиб, Зумрад шаҳар сеҳргари Гудвин ёнига йўл олади…
Дилфуза АЗИМОВА