Маънавий-маърифий тадбир
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 12 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида Тошкент вилоятида ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимизни муносиб нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Вилоятнинг шаҳар ва туманларида байрамолди маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
«Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» шиори остида Бекободда ўтган шундай тадбирда иштирок этганларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этди.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, бир қатор корхона ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда халқимиз қўлга киритаётган улкан ютуқ ва марралар, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ҳаётимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, вилоятда, хусусан, Бекобод шаҳрида ёшлар учун яратилаётган замонавий шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда шаҳарда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш, ободончилик ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ўтган йилларда бу ерда қатор спорт иншоотлари, жумладан, ёпиқ сузиш ҳавзаси, «Ёшлик» спорт мажмуаси, «Металлург» стадиони қурилиб фойдаланишга топширилди. Жорий йилда «Ёшлар маркази» ишга туширилди.
– «Ёшлар маркази»да барча зарур шарт-шароит яратилган, – дейди «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Бекобод шаҳар кенгаши раиси Адҳам Ниёзов. – Хусусан, маънавий-маърифий тадбирлар ва турли учрашувлар ўтказишга мўлжалланган 308 ўринли зал барпо этилган. Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бундай замонавий шароит ва кенг имкониятлар биз, ёшларни янада фаол бўлишга ундайди, айни вақтда зиммамизга катта масъулият юклайди.
Х. САЛИМОВ,
ЎзА мухбири