Елкасида эл дарди борлар

Мамлакатимизда истиқлол йилларида тиббиёт соҳаси жадаллик билан ривожланди. Инсон саломатлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Оилавий поликлиникалар, ҚВП, сўнг эса қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди.

Фуқаролар рўйхатга олиниб, уларнинг мунтазам тиббий кўрикдан ўтиши таъминланди. Турли касалликлар туфайли кузатиладиган ўлим ҳолати кескин камайди.

Албатта, ҳукуматимизнинг эътиборига “лаббай” деб жавоб берадиган шифокорлар ҳам фидойилик билан ўз тажрибасини кишилар соғлиғи йўлида сарф этиб келмоқда. Ана шундай заҳматкаш касб эгаларидан бири Чилонзор туман тиббиёт бирлашмасида фаолият юритаётган юқумли касалликлар шифокори Абдумурод Каттақуловдир. Қарийб йигирма беш йилдирки, у халқимиз саломатлиги йўлида камарбасталик қилиб келмоқда.

– Кейинги бир йилда тиббиёт соҳаси янги тараққиёт босқичига юз бурди, – дейди шифокор. – Айниқса, оилавий поликлиникалар мазмун ва моҳиятан тубдан ўзгарди. Олдинлари ОП ва ҚВПларнинг вазифаси касаллик белгиларини аниқлаш ва йўлланма бериш бўлганди. Энди эса беморларга ташхис қўйиш, даволаш имкони ҳам яратиляпти. Уларнинг шошилинч тиббий ёрдам машиналари билан таъминланаётгани эса нур устига аъло нур бўлди. Бу ишлар ҳаммаси элимиз саломатлиги йўлида амалга оширилмоқда. Бошқа бирор давлатда халқ саломатлиги, унинг эртанги куни, орзу-ўйларига бу даражада эътибор берилмаса керак. Фаолиятим давомида кузатиб келяпман: мамлакатимизда тиббиёт йилдан йилга ривожланмоқда. Олдинлари чет элда даволаш мумкин бўлган қанчадан қанча хасталиклар давоси бугун ўзимизда амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, Абдумурод Каттақулов йиллар давомида нафақат тажриба оширмоқда, балки тиббиётдаги ютуқларни ҳам ўз кўзи билан кўриб, дилдан ҳис этиб келмоқда. У 1988–1994 йилларда Тошкент Тиббиёт академияси (аввалги Тошкент давлат 2-Медицина институти)да таҳсил олган.

Ўқишни битириб, бир йил Самарқанд шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида фаолият юритган. Врачлик кўникмасига эга бўлгач, 1995–1998 йилларда пойтахтимиздаги 18-шаҳар шифохонасида юқумли касалликлар шифокори вазифасида ишлади. Сўнг бир йил Тошкент шаҳридаги 6-сонли юқумли касалликлар шифохонасида 2-бўлим мудири бўлган. 1999–2013 йилларда Чилонзор туманидаги 39-оилавий поликлиникада ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритган. Айни пайтда жонфидо бу шифокор Чилонзор туман тиббиёт бирлашмасида аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қилиб келмоқда.

Энг муҳими, у қаерда фаолият юритмасин, ўзининг фидойилиги, касбга виждонан ёндашиши билан жамоада обрў қозонди. Билимли, тажрибали шифокор сифатида беморларнинг энг яқин инсонига айлана олди. Ундаги самимийлик, ширинсўзлик ва қувноқлик шифо излаб келганларнинг кўнглига йўл топишда асосий восита бўлмоқда.

Яна ўқинг:  Театр: ҳам завқ ҳам сабоқ оласан

С. ОЧИЛОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: