Томоқ яллиғланганда
МАНДАРИН ВА НОК ЙЎТАЛГА МАЛҲАМ
Грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар вақтида турли-туман аччиқ дорилардан кўра мандарин кўпроқ фойда беради. Чунки, унинг таркибида микробларни парчаловчи флавоноид нобилетин моддаси мавжуд.
Йўталга қарши табиий малҳам: иккита мандарин ва битта нокни пўсти билан бир неча бўлакларга ажратинг. Уни эмаль идишга солиб устидан икки стакан қайнаган сув ва икки ош қошиқ шакар (агар асал бўлса янада яхши) қўшинг. Ушбу меваларни паст оловда 15 дақиқа давомида димланг. Кейин уни совутинг ва овқатдан кейин 1-2 ош қошиқдан истеъмол қилинг.
ҚИЗИЛ ЛАВЛАГИ ҚАЙНАТМАСИ
Фарингит (ҳалқумнинг яллиғланиши), ларингит (кекирдакнинг кириш қисмидаги яллиғланиш)ва ангина(бодомча безларининг яллиғланиш)га чалинганда синалган табиий ва арзон малҳамлардан бири қизил лавлаги қайнатмасидир. Ўртача катталикдаги битта лавлагини арчиб эмалли идишга солинг ва устидан унинг 1 литр сув қуйинг. Сўнг уни оловга қўйиб, лавлаги пишгунича қайнатинг. Докадан ўтказилган қайнатма билан бир кунда 3 марта томоқни чайқанг.
ДЕНГИЗ ТУЗИ
Қайнатиб илитилган сувга 1 чой қошиқ денгиз тузини аралаштириб, томоқни “ғарғара” қилиш ҳам яллиғланишни бартараф этади.
ЛИМОН ВА АСАЛ
Ютинганда томоқда оғриқ бўлса, гўштқиймалагичдан ўтказилган лимонга асал ёки шакарни тенг миқдорда аралаштириб, 1 чой қошиқ миқдорида кунига 2-3 маҳал истеъмол қилиш лозим.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,
1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси