Анъанага айланган турнир ёш иқтидор эгаларини кашф этди

Бугунги ёшларга ҳавас қилса арзийди. Юртимизнинг энг олис шаҳару қишлоқларида замон талаблари асосида барпо этилган ва жиҳозланган спорт иншоотлари кўзни қувонтиради.

Бу мамлакатимизда ёш авлодни баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, аҳолининг фаровон турмуш тарзи, муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилаётган улкан эътибор самарасидир.

Қувонарлиси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан ҳам бу борада қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, фонд томонидан ташкиллаштирилаётган турли спорт ва санъат фестивалари ёшлар ўртасида спортни янада оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, улар саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Пойтахтимизда стол тенниси бўйича ўсмирлар ўртасида “Соғлом авлод учун” фонди кубоги учун” ХIV республика турнирининг ўтказилиши ушбу эзгу ананаларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин. Ушбу мусобақа мана бир неча йилдирки, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда стол тенниси федерацияси томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.

– Бу галги беллашувларнинг қуйи босқичлари барча таълим муассасаларида юқори савияда ташкил этилиб, ҳар бир босқичда энг кучли ва маҳоратли спортчилар аниқланди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ташкилий-услубий бўлим бошлиғи Фирдавс Холиқов. – Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур мусобақанинг жорий йилги республика босқичида 56 нафар ўғил-қиз ғолиблик учун ўзаро беллашди.

Муҳаммадамин АБДУРАСУЛОВ,

мусобақа ғолиби, Бухоро вилояти:

Бугун юртимизда биз ёшларнинг таълим олишимиз, спорт билан мунтазам шуғулланишимиз учун барча шароитлар яратилган. Бу ғамхўрликларга жавобан спорт, таълим соҳасида қатор ютуқларни қўлга киритиб келмоқдамиз.

Мазкур мусобақада ғолиб бўлганимдан хурсандман. Турнир келгусида халқаро спорт анжуманларида ҳам муносиб қатнашишимиз учун пойдевор вазифасини ўтайди, деб ўйлайман.

Робия МАҲМУДОВА,

“Энг ёш ўйинчи” номинацияси ғолиби, Тошкент шаҳри:

Стол тенниси билан шуғулланаётганимга бир йил бўлди. Дарсдан сўнг тенгдошларим билан Учтепа туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг стол тенниси тўгарагига қатнаймиз. Сентябрь ойида ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида бронза медални қўлга киритдим. Бугунги натижамдан хурсандман. Мураббийимнинг иштирокимдан кўнгли тўлганини кўриб, қувончим ичимга сиғмаяпти. Келгусида қитъа ва жаҳон чемпионати, ёзги Олимпия ўйинларида ғолиб бўлишни ният қилганман.

Яна ўқинг:  2020 йилда мамлакатимиз аҳолиси рўйхатга олинади

Нурсаид НУРУЛЛАЕВ,

“Энг тезкор ўйинчи” номинацияси ғолиби, Сирдарё вилояти

Вилоят биринчиликларида муваффақиятли қатнашган бўлсамда, тенгдошларим ўртасидаги бундай йирик мусобақада илк бор иштирок этмоқдаман. Шунинг учун мураббийимиз билан баҳсларга пухта тайёргарлик кўрдим, машғулотларда маҳоратимни оширдим.

Айтиш мумкинки, беллашувлар кескин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Мусабақада муваффақиятли иштирок этиб, янги дўстлар орттирганимдан хурсандман.

Комронбек ШОМУРАТОВ, Хоразм вилояти

Юртимизда барча спорт турлари қатори стол тенниси ҳам жадаллик билан ривожланмоқда. Спортчи ака-опаларимизнинг халқаро турнирларда қайд этаётган натижалари ҳам йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Жумладан, 2014 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида маҳоратли атлетимиз Зоҳил Кенжаевнинг иштироки мухлису мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди.

Мен ҳам худди бу иқтидорли спортчига ўхшаб келажакда йирик халқаро мусобқаларда она Ватаним шарафини муносиб ҳимоя қилишни мақсад қилганман. Бу йўлда бугунги мусобақа муҳим тайёргарлик вазифасини ўтайди.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: