Юрт истиқболи, эл иқболи – бахтли яшаш кафолати
Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Асосий қонунимиз фуқаролик жамиятининг таркибий қисми бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва сиёсий партияларнинг шаклланиши, уларнинг эркин фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратди, сайлов тизимининг асосий тамойил ва қоидаларини мустаҳкамлади. Бош Қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалишига, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган самарали ислоҳотларга асос бўлди. Фуқароларимиз ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини оширишда ҳам Конституциянинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевосита иштирокида тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ўз мақоми, тузилиши, йўналиши ҳамда асосий тамойиллари, яхлит мундарижаси, яъни муқаддимасидан бошлаб сўнгги моддасига қадар мустақиллик ва истиқлол руҳи, демократик тамаддун мазмуни билан ажралиб туради. Шу ўринда айтиш ўринлики, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда жамиятни умуминсоний қадриятлар асосида ташкил этишда, шубҳасиз, Конституциянинг тутган ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигини эътибордан қолдирмаслик зарур.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси дунёнинг 100 дан ортиқ конституцияларини ўрганиш асосида ва уларнинг энг илғор тажрибаларини ҳисобга олиб, умуминсоний нуқтаи назардан эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига асосан, шунингдек, халқимизнинг бой ўтмиши ва тарихини эътиборга олган ҳолда азалий урф-одатларимиз ва анъаналаримиздан келиб чиқиб қабул қилинган ва у хорижий мутахассислар томонидан дунёнинг энг демократик конституцияларидан бири сифатида эътироф этилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ва давлатнинг ҳуқуқий ҳолатини белгилашда инсон ҳуқуқлари устуворлиги, давлат билан фуқаронинг ўзаро сиёсий-ҳуқуқий масъуллиги принципларига асосланувчи тамомила янги концепцияга таянган бўлиб, унда илк бор инсон ҳуқуқлари категорияси конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилган.
Инсон ҳуқуқларининг янги концепцияси конституциявий қонунчилигимизда ўз юридик тасдиғини топган бўлиб, улар Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқий мақоми сифатида муайян принципларга таянади.
Шунингдек, Конституцияда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар давлат томонидан муҳофаза қилиниши алоҳида эътироф этилган. 13-модданинг 2-қисмида демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши, 19-моддада фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги қонуний мустаҳкамланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциянинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилгандай “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади. Уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”. Бош Қомусимизнинг 19-моддасида эса фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги таъкидланган.
Конституциямизнинг 24-моддасида эса “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”, дейилган. Ҳақиқатдан ҳам ҳаёт инсонга ато этилган энг буюк неъматдир. Ундан маҳрум этиш эса инсонпарварликка зиддир. Жиноий жазони либераллаштириш борасидаги муҳим ютуқларимиздан бири мамлакатимизда 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо сифатида ўлим жазоси бекор қилинди. Унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши инсоннинг яшаш ҳуқуқини эълон қилувчи умумэътироф этилган халқаро тамойиллар ва меъёрлардан келиб чиққан.
Маълумки, конституциявий ҳуқуқ мақоми тизимида сўз ва эътиқод эркинлиги муҳим ўрин тутади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини либераллаштиришга, фуқароларнинг сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Лекин, ҳар қандай демократик жамиятда демократиянинг бу шартлари амалдаги қонунларга асосан, ўз чегара меъёр ва мезонларига эгадир.
Конституциянинг муҳим жиҳатларидан яна бири, фуқароларга берилган ижтимоий ҳуқуқларнинг қонуний мустаҳкамланганлигидир. Асосий Қонунимизнинг 39-моддасида “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган.
Асосий Қонунимизда билим олиш ҳуқуқи масалаларига алоҳида эътибор берилиб: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, дейилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Бош Қомусимизнинг муқаддимасидан охирги моддасигача мустақиллик, демократия, инсон ҳуқуқлари ва Ватан равнақи ғоялари мустаҳкам ўрин олган.
Мухтасар қилиб айтганда, Конституциямиз мустақил давлатимизнинг буюк келажак сари интилишининг ҳуқуқий пойдевори ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда самарали таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати ҳисобланади.
Воҳиджон ТОПИЛДИЕВ,
юридик фанлари номзоди, доцент