Ихлос

Турмуш ўртоғимнинг яқин ҳамкасбларидан бириникига меҳмонга бордик. Кўп қаватли уй йўлаги ёнида бизни хонадон эгаси Юсуф ака қарши олди:

– Эй, кутавериб қорин ҳам “таталаб” кетди-ку. Шўрва ҳам “тагига олай” деяётган эди ўзи ҳам, – дея ҳазил қилди мезбон. Сўнг бизларни уйига таклиф қилди.

Хонадон эшигини ҳатлар эканмиз, бизни уй бекаси ва унинг қайнонаси Солиҳа ая қарши олди. Ая ҳақида, тўғрироғи, унинг яқин йилларда оғир хасталикка чалингани, фарзандлари эса онасининг шифо топиши учун кўп югурганлари ҳақида хўжайинимдан эшитганим боис, унга зимдан разм солдим. Унинг юзида касалликдан асар ҳам қолмаган. Салом-аликдан сўнг аввалдан тузатилган дастурхон атрофига ўтирдик. Мен аянинг ёнидан жой олдим.

Биз у билан турли мавзуларда суҳбатлашдик. Суҳбат орасида Солиҳа аядан соғлиғи ҳақида сўрадим. Онахон эса ҳозирда ўзини анча тетик ҳис қилаётганини айтди. Гарчи, ноқулай бўлсада, қайси шифохонада шифо топгани билан қизиқдим. У киши бироз кулимсираб:

– Биласизми, қизим, мен ҳеч қайси шифохонада даволанмадим, – деди.

– Қандай қилиб…? – ҳайрон бўлдим.

– Эй, қизим, асти сўраманг. Ўша кунларни эсга олишнинг ўзи азоб. Ўшанда оёққа туришдан буткул умидимни узгандим. Энди бир умр юра олмасам керак, деб ҳам ўйлаганман…

Аянинг айтишича, бундан беш йил олдин дастлаб бўғимларда бошланган оғриқ, бироз вақт ўтиб, уни тўшакка михлайди. Ўғилларнинг она дардига шифо излаб бормаган жойи, кўрсатмаган шифокор-у табиби қолмайди. Ҳатто, Солиҳа аяга суяк сили деб ҳам ташхис қўйишади.

Кунларнинг бирида Солиҳа аянинг қўлига тиббиёт психологиясига оид китоб тушиб қолади. Онахон бу китобни ўқиб чиққач, ўзини худди ҳаётга қайта келгандай ҳис этади. Унда ёзилган психологик тавсияларни ўзида синаб кўради. Вақт ўтиб, бемор ўзини яхши ҳис эта бошлайди. Бора-бора шунга ўхшаш китобларнинг бир нечтасини ўқиб чиқади. Аввало, Аллоҳдан шифо сўраб, чин дилдан ўзининг соғайиб кетишини кўз олдига келтиради. Бутун танасида касалликдан асар ҳам йўқлигини тасаввур қилади, ўзини соғлом инсонман деб ишонтиради.

– Биласизми, қизим, ихлос ва тасаввурда гап кўп экан. Аввало, тузалиб кетишимга чин дилдан ишондим, – дейди суҳбат чоғида мезбон. – Мен юра олишимни аниқ тасаввур қилдим ва буни секин-асталик билан амалда бажариб кўрдим. Минг шукур, ҳозир ўзим мустақил юра оламан.

Яна ўқинг:  Муқаддас аёл

Ҳар тонг бадантарбияни канда қилмайдиган, қуёшли кун бўлмасада, хаёлан унинг тафтидан баҳра оладиган Солиҳа аянинг сўзларини тинглар эканман, аёлнинг метиндек иродасига қойил қолдим. У киши олий маълумотли бўлмасада, китобга, илмга бўлган меҳри, интилиши туфайли ҳақиқий зиёли бўлиб етишган эди.

Қадимда Шарқ алломалари ҳар бир ишга инсон чин ихлос билан киришса, албатта, ниятига етажагини баён қилишган. Ажаб эмас, онахон ҳам чин ихлос сабабли дардига даво топган бўлса.

 

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: