Мен ҳаётни ва куйлашни севаман

Ҳаётни севган, меҳр-муҳаббат ва садоқатини дилбар қўшиқлари орқали тараннум этиб, ўзбек санъати ихлосамандлари қалбини забт этиб келаётган хушовоз хонанда, матонатли қалб эгаси, I гуруҳ ногирони Дилдора КУНУЗОҚОВАни 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган яккахон концерт дастури олдидан суҳбатга тортдик:

Дилдорахон, ҳаётга бўлган интилишингиз, қолаверса, матонат ва журъат сизни катта саҳанага чорлаган. Келинг, санъат оламига кириб келишингиз ҳақида суҳбатлашсак.

Аллоҳ севган бандасига дард бераркан. Мен ҳам ҳаётда кўп синовларни бошимдан ўтказдим. Қийинчилик ва машаққатларни эса Яратганнинг менга берган сабру матонати туфайли енгиб ўтдим.

Сизга айтсам, ўқувчилик йилларим мактабимиздаги ҳар қандай тадбир менинг қўшиқларимсиз ўтмасди. Қаерда бўлмай, доим қўшиқ хиргойи қилиб юрардим.

10 йил мобайнида оёқ ва тос суякдан 28 марта енгил ва мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказдим. Оғриқ ва дардни фақат қўшиқ билан енгдим. Бир куни синглим Садоқат овозимни диктофонга ёзиб олиб, “Ўзбекконцерт” (аввалги “Ўзбекнаво”) бирлашмасининг туман бўлими раҳбари Абдураҳмон Тешаевга эшиттирибди. Шундан сўнг у киши мени шифохонага излаб келди ва бундай овоз билан яхши қўшиқлар куйлай олишимни айтди. Қалбимда азалий орзуларимга етишишга яна иштиёқ туғилди.

Саҳнага чиқиш, репетиция ва овоз ёзиш жараёнларининг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Бу вазиятда ота-онангиз соғлигингизга зарар етиши, толиқиб қолишингиздан чўчимайдими?

Улар ҳеч қачон фарзандларининг истакларига қарши чиқмаган. Болалигимиздан ўқиб-ўрганишимиз, билим олишимиз учун барча шароитларни яратиб берган. Айниқса, улар доим мени кўнглимга қарашган. Ҳозир ҳам ота-онам ёнимда ёрдамга шай туришади.

Концертолди тайёргарликлар ҳақида гапирсангиз.

Устозим ва маслакдошим Санжар Санаевнинг катта ёрдами, қолаверса, “Ўзбекконцерт” бирлашмасининг қўллаб-қувватлаши туфайли “Истиқлол” санъат саройида илк яккахон концертимни мухлисларга, санъат ихлосмандларига тақдим этиш арафасида турибман. Тўғрисини айтсам, бироз ҳаяжонланяпман. Чунки, бундай катта саҳнада қўшиқ куйлаш мен учун катта синов. Қолаверса, концерт дастуримиз 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон ногиронлар жамияти томонидан хайрия мақсадида ташкил этилди. Шу сабаб асосан ногирон, имконияти чекланган инсонлар, кам таъминланган оила фарзандлари, кекса ва нуронийларга таклифномалар тарқатилади.

Мухлисларга тилакларингиз…

Яна ўқинг:  Меҳнат қилиш ҳуқуқи ва унинг қонуний асослари

Илоҳим, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликка кўз тегмасин! Фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимизни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Бахтимизга ота-оналаримиз саломат бўлишсин. Инсонлар ўртасидаги меҳр-у мурувват ва оқибат туйғулари ҳеч қачон йўқолмасин!

 

Марям АҲМЕДОВА суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: