Устозлар дийдори азиз
Ҳар бир устоз учун шогирдининг камолини кўриш бебаҳо бахтдир. Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтган тадбир ҳам ана шу мавзуга бағишланди.
Олий ўқув юрти профессор ва ўқитувчилари ҳамда университетни 1983 йилда тамомлаган собиқ талабалар иштирок этган «Шогирд камоли – устоз жамоли» мавзуидаги учрашувда сўзга чиққан Самарқанд давлат университети профессори Бекмурод Йўлдошев ўз сўзида мазкур ўқув даргоҳи мустақил Ўзбекистоннинг тараққий этишига керакли кадрлар етказиб бераётганини алоҳида таъкидлади.
– Бундай учрашувлар, устозлар ва шогирдлар ўртасидаги риштани янада мустаҳкамлашга, қолаверса улар ҳамкорлигидаги илмий изланишлар юзасидан ўзаро фикр алмашишга замин яратади, – дейди доцент Роҳила Сувонова.
Университет қошида фаолият юритаётган «Шалола» гуруҳи ижодкор талабалари ўзларининг шеърлари билан даврага файз бағишлади. Тадбир иштирокчиларининг кўҳна ва навқирон Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, қадим обидалари ва табаррук қадамжолари бўйлаб қилган саёҳатлари уларда катта таассурот қолдирди.
Ўз мухбиримиз