Қишлоқ тараққиётига йўналтирилаётган сармоя

Пойтахтимизда Ўзбекистон Марказий банки ва «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилишини ташкил этиш ва кенгайтириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

«Қишлоқ қурилиш банк» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари А.Эшонқулов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқ жойларда барпо этилаётган замонавий уй-жойлар мамлакатимизни янада обод қилиш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августда қабул қилинган «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2010 йил 17 июнда имзоланган «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилишини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорлари бунда муҳим омил бўлаётир.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида уч, тўрт ва беш хонали уй-жойлар халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, маҳаллий табиий иқлим шароити, шу билан бирга, замонавий муҳандислик коммуникациялари билан уйғун ҳолда бунёд этилмоқда.

Замонавий уйларни сотиб олиш учун ажратилаётган 7 фоизли кредитнинг 15 йил давомида тўлаб борилиши ва уй қийматининг бадал сифатида атиги 25 фоизи олдиндан тўланиши уй эгалари, айниқса, ёш оилалар учун қулайлик яратмоқда. 2012 йилдан намунавий лойиҳалар асосида қуриладиган уй-жойлар учун ажратиладиган ипотека кредитларини қайтариш бўйича имтиёзли давр бир йилгача узайтирилди. 2013 йилнинг 1 январидан эса уй-жойларга оид кредитни қайтариш даври мобайнида унинг эгаси мулк солиғи тўлашдан озод қилинди. Ҳар бир уй учун олти сотихдан ер участкаси ажратилиб, умрбод эгалик қилиш учун берилаётир.

Намунавий лойиҳа асосидаги бундай уйларга қурилиш сарф-харажатларининг аксарият қисми «Қишлоқ қурилиш банк»нинг узоқ муддатли имтиёзли сармояси ҳисобидан қопланмоқда. 2009-2012 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қарийб 23,6 минг замонавий уй-жой барпо этилди. Обод турмуш йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайиб, 10 мингта уй-жой барпо этилади. Бунинг учун 1 триллион 400 миллиард сўм, яъни ўтган йилга нисбатан 54 фоиз кўп маблағ йўналтирилади. Ўтган беш ой мобайнида «Ипотекабанк», Ташқий иқтисодий фаолият миллий банки ва «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан 450 миллиард сўм ажратилди.

Президентимиз Ислом ­Каримовнинг жорий йил 4 январда қабул қилинган «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йил Дастури тўғрисида»ги Қарори асосида қишлоқлар ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, тиббиёт, таълим ва спорт объектлари, хизмат кўрсатиш мажмуалари бунёд этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Яна ўқинг:  Muxlis maktublari

Матбуот анжуманида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилишининг ҳуқуқий асослари ва уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, уй-жойлар ва инфратузилма объектлари қурилишига сармояларни жалб қилиш борасидаги имтиёз ва преференциялар ҳақида батафсил маълумот берилди.

ЎзА.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: