Замонавий “Автоамбуланс”лар
ижтимоий патронаж бригадаларига қулайлик
Жисмонан бақувват, маънан етук фарзандларни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилаларда соғлом авлоднинг туғилиши ва тарбияланишига эришиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида Ҳукуматга қарашли бўлмаган «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда.
Ушбу жамғарма қошида ташкил этилган Тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тиббий диагностика техникаси билан жиҳозланган “Автоамбуланс”ларда маҳаллаларда, чекка қишлоқ ва овулларда самарали фаолият олиб бормоқда. Мазкур тизим моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг кенгроқ қатламларини қамраб олиш мақсадида 2010-2013 йилларда Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси томонидан тақдим этилган «Hyunday» мобил клиникаси, 2012 йилда эса Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги томонидан «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасига тақдим этилган «Peugeot» русумидаги “Автоамбуланс” ёрдамида Фарғона вилояти минтақавий филиали патронаж тизимида замон талабларига мос самарали тиббий хизмат йўлга қўйилди.
«Ўзавтосаноат» АК ҳомийлигида сотиб олинган 5 та «Газель» русумидаги махсус автомашина ҳам тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Жамғарма Тиббий ижтимоий марказида бўлиб ўтган тадбирда ушбу автомашиналар Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг минтақавий филиалларига топширилди.
– Бундай қулай имконият туфайли вилоятнинг энг чекка ва ноқулай ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолига тиббий-ижтимоий патронаж хизмати кўрсатилади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги олиб бораётган ишларимиз кўлами янада кенгаяди, – дейди Бухоро вилояти «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси минтақавий филиали директори Муборак Аҳмедова.
Тақдимот маросимида сўзга чиққан «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси бошқаруви раиси Светлана Инамова, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Асомиддин Комиловлар яратилаётган бундай қулай имкониятлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди. Тадбир сўнггида «Ором» болалар гуруҳи томонидан ижро этилган қўшиқ ва рақслар йиғилганларни хушнуд этди.
Ж.ҲАЙДАРОВА