ЮРАК КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА ҚАРАТИЛГАН ЛОЙИҲА
Юрак-қон томир касалликларига қарши курашнинг замонавий ва инновацион услубларини ўрганишдан иборат илмий-тадқиқот лойиҳаси ўз ишини бошламоқда. Бу ҳақида Флорида штатининг Орландо шаҳрида бўлиб ўтган Америка кардиологлари ассоциацияси (АКА) конференциясида эълон қилинди.
Маълумотларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 50 миллион долларга баҳоланмоқда. Бунинг ярмини Америка кардиологлари ассоциацияси, қолган ярмини эса “Google” компанияси молиялаштиради. Ассоциация учун бу илмий-тадқиқот лойиҳасига сарфланган энг катта маблағ бўлади.
“Ер юзида бошқа ҳар қандай хасталикларга қараганда юрак-қон томир касалликларидан кўпроқ одамлар нобуд бўлади, – дея таъкидлаган “Google Life Sciences” раҳбари Энди Конрад. – Бу муаммони инновациялар ёрдамида ҳал этиш вақти келди. Шу пайтгача юрак касалликларига қарши кураш услубларини такомиллаштириш жуда секинлик билан амалга ошган”.
Эслатиб ўтамиз, “Google Life Sciences” шу йил август ойида корпорациянинг биотиббиёт бўлинмаси асосида ташкил этилган. Компания тиббий-технологик тадқиқотлар ва турли касалликларнинг олдини олишга қаратилган лойиҳалар устида ишлайди.
Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,
1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси