Ҳуқуқбузарлик профилактикаси ёшлар ташкилоти назорати остига олинди
Бугун “Ёшлар ижод саройи”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуронбоев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, вилоят, туман(шаҳар) Кенгашлари раислари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари, ички ишлар тизимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, қолаверса, ёшлар сиёсатигаалоқадор барча давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш танқидий-таҳлилий руҳда ўтди.
Йиғилишда 15-ноябр куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселекторда кўтарилган масалалар таҳлил қилинди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги камчиликлар туманлар негизида танқидий ўрганилди.
Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва содир этилган жиноятнинг оғир оқибатларини ёшларга кенг тушунтириш ўта муҳим жиҳат эканлиги та’кидланди.
Йиғилишда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, диний экстремизм ва ақидапарастлик каби салбий иллатларнинг моҳияти муҳокама қилинди.
Ёшлар иттифоқи ташаббуси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида кўнгилочар жойларда, кафе-ресторанларда, интернет-кафеларда ўтказилаётган тунги рейдларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга, ота-оналарга, таълим муассасаларидаги педагогларга тўлақонли тушунтириш олиб борилишига кўрсатма берилди.
Қолаверса, йиғилишда ушбу масалада лоқайдликка ва бепарволикка йўл қўйган бир гуруҳ тизимдаги масъул шахслар эгаллаб турган лавозимидан олинди.
— Бизга бугун том маънода, фидойи ва жонкуяр, ватан тақдири билан нафас оладиган етакчилар керак. Ишламайдиган, куюнмайдиган боқиманда раҳбарларни олиб ўтиришимиз учун ҳеч қандай асос йўқ, — деди йиғилишда Ёшлар етакчиси Қ.Қуронбоев. — Уларнинг ўрнига фидойи, ишлайман деган ёшларни қўямиз. Бизга амалий натижа керак.
Бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Бевосита мулоқот тарзида ўтган йиғилишда иштирок этган турли давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳам ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, шунинг баробарида ўзлари севган машғулотлари билан шуғулланишлари учун етарли шароит яратиш каби вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим бўлган таклифларини беришди.
Йиғилишда ҳуқуқбузарлик профилактикаси ёшлар ташкилоти назорати остига олингани маълум қилинди.