Осиё чемпионати якунланди
Пойтахтимизда қўл жанги бўйича ўтказилган Осиё очиқ чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 10 олтин, 7 кумуш ва 13 бронза медални қўлга киритди.
Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси ва Халқаро қўл жанги федерацияси томонидан ташкил этилган ушбу мусобақада қитъамизнинг ўн бешга яқин давлатидан юздан ортиқ спортчи иштирок этди.
Чемпионат баҳсларида Рамазон Темиров, Олимжон Нормуродов, Муҳиддин Мамажонов, Жаҳонгир Жумаев ва Ботирбек Хўжабеков олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Ҳусниддин Сатторов, Ғиёсиддин Жамолиддинов, Элбек Эшмуродов, Салоҳиддин Иброҳимов, Илғор Асадов кумуш, Шаҳбоз Турсунов, Равшан Абдулазизов, Алпомиш Қурбонназаров, Элдор Сулаймонов, Ҳасан Бозоров, Баҳром Маҳмудов бронза медалига сазовор бўлди.
Хотин-қизлар ўртасида ўтган беллашувларда Зарина Олимжонова, Мафтуна Қувондиқова, Шоҳида Раҳимова, Шаҳноза Низомова, Мадина Эргашева ўз вазн тоифаларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Терма жамоамиз аъзоларидан Нозима Умарова ҳамда Робия Қўчқорова иккинчи, Мафтуна Ёдгорова, Севара Мардонова, Ҳилола Каримова, Дилафруз Турсунбоева, Мафтуна Эсонова, Зилола Тешаева ва Наталия Қодирова учинчи ўриндан жой олди.
Осиё очиқ чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Т. ОРТИҚОВА