Мустақил фикрлаш: унга МТМда болани қандай ўргатилади?

Илмий тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомидаги барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши аниқланган.

Бу даврда инсон боласи дунёни англайди, ўз она тилини ўзлаштиради. Ота-она, оила, маҳалла, Ватанга меҳри уйғонади. Бу борада оила билан бирга мактабгача таълим муассасаси ҳам муҳим ўринга эга. Шу боис, юртимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, унинг дебочасига айланган.

Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг асосий фаолият тури ўйин ҳисобланади. Ўйин жараёнида бола шахси шакллана бошлайди. Педагогик нуқтаи назардан тўғри ташкил этилган ўйин боланинг ахлоқий, иродавий, ақлий тафаккурини шакллантиришга хизмат қилади.

МТМдаги ўйинларни учта асосий турга ажратиш мақсадга мувофиқ. Улар дидактик, тарбиявий ва ривожлантирувчи ўйинлардир.

Жумладан, ақлий ўйинлар МТМларда таълим-тарбия воситаси сифатида кенг қўлланилади. Бундай машғулотлар таълим жараёни билан бевосита боғлиқ бўлиб, боланинг дунёқарашини тубдан ўзгартиради, уларни фикрлашга чорлайди. Ақлий ўйинлар тарбияланувчиларнинг теварак-атроф тўғрисидаги билимларини кенгайтиришга ёрдам беради. Ўз шахсий тажрибалари ва машғулотларда олган билимларини амалиётда қўллашга, уни билишга ўргатади. Улардаги фикрлаш қобилияти ва нутқ жараёнини тартибга солади. Бугунги кунда савол-жавоб, саноқ ва тўғри сўзлашга ўргатиш ўйинлари самарали ҳисобланади. Бола билан турли мавзуларда савол-жавоб қилиш, тўғри жавоб берганида мақташ ва нотўғри фикрлаганида хатосини тўғрилаш оқилона йўлдир. Болакай саволларга жавоб бериш жараёнида фикрлайди ва ўз фикрини равон ифодалашга одатланиб боради. Ақлий машғулотлар уларнинг тафаккур доирасини кенгайтиради, фикрлашини такомиллаштириб, тасаввурларнинг ривожланишига таъсир этади. Биргаликда ўтказилган ақлий ўйинлар болалар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунинг учун ақлий ўйинларнинг мазмуни хилма-хил бўлиб, унда ўйин элементлари қанча кўп бўлса, болакайларга шунча қувонч бағишлайди. Ўқитувчи, тарбиячи, шифокор, мусиқа ходими, сотувчи, ҳайдовчи, Ватан посбони каби касбларга оид ақлий ўйинлар тарбияланувчиларнинг касб танлашига, ўйлаб мушоҳада юритишига ундайди.

Ақлий ўйинларни олиб боришда қуйидаги талабларга риоя қилиш зарур:

  • танланган ақлий ўйинлар тарбияланувчиларнинг ёш ва индивидуал хусусиятларига мос келиши;
  • ҳар бир ақлий машғулот педагогик ва психологик жиҳатдан асосланган бўлиши;
  • бир хилдаги ўйинларнинг кўп марта такрорланишига йўл қўймаслик;
  • ўйиннинг таълимий, тарбиявий ва ривожлантирувчи жиҳатларига эътиборни қаратиш;
  • машғулот якунида ғолиб чиққан болаларни рағбатлантириб бориш.
Яна ўқинг:  “Тойчоқ” салати

Ақлий ўйинларни ечишда топқирлик, зеҳн ва ҳазил туйғуси талаб қилинади. Бундай машғулотлар болаларни фикрлашга йўналтириб, уларда муҳим маълумотларни ажрата олиш кўникмасини шакллантиради.

Масалан, ана шундай ақлий ўйинлардан бири “Тез жавоб”. Бунда тарбиячи тарбияланувчилардан бирини турғизади ва бирор нарсанинг номини айтади. Бола шу нарса мансуб бўлган турга кирувчи сўз топиб айтиши лозим. Масалан: Тарбиячи: “Ҳайвон”, деса, бола: “Бузоқча” дейди.

– “Мултьфильм”.

– “Бўри ва қуён”.

– “Мева”.

– “Олма” ва ҳакозо.

Жавоб то учгача санагунча айтилиши керак. Жавоб беролмаган бола ўйиндан чиқади. Ўйин битта иштирокчи қолгунча давом эттирилади. Бу машғулот болаларда ҳозиржавоблик, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиради, атроф-муҳитни синчковлик билан кузатишга ўргатади.

Ақлий ўйинлар муракккаблаштирилиб барча тартиб қоидаларга риоя қилиб ўтказилса, тарбияланувчиларни мустақил фикрлашга ўргатиб бориши, шубҳасиз.

Дилфуза НИЗОМОВА,

Тошкент педагогика коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: