Томорқадаги гулзор

Юртимизда аҳолининг кўпчилиги шахсий томорқа ерларига эга. Ундан унумли фойдаланиб, турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган ва бунинг ортидан мўмай даромад топаётган оилалар ҳам талайгина.

Бинобарин, ушбу машғулот ҳар томонлама фойдали бўлиб, аввало, рўзғорга катта наф келтиради. Бунинг исботини томорқачилик билан мунтазам шуғулланиб келаётган юртдошларимиз мисолида кўриш мумкин.

Қарши шаҳридаги “Чармгар” маҳалласида яшовчи Акмал Раҳматовнинг хонадони ҳам бугун кўрган кўзни қувнатади. Ҳовлининг ўртасидаги томорқа ери 3 сотихга етади. Кунлар совий бошлаганига қарамасдан, ҳамма ёқ яшилликка бурканган. Томорқанинг бир бурчида қаторлаштириб экилган гуллар қийғос очилган. Билсак, оила аъзоларининг гулга қизиқиши шунчаки ҳавасга эмас экан. Сал нарида қўр тўкиб турган, усти очиқ иссиқхонанинг ичи тўла гул. Ерда ўстирилаётгани ҳам тувакда парваришланаётгани ҳам бор.

Гулларнинг турини санаб кўрмаган эканмиз, – дейди уйнинг кексаси, 90 ёшдан ошган Гулнора Уздемникова. – 50 хилдан ошса керак. Номлари эсимда кўп ҳам қолавермайди. Кала, хризантема, герань каби гулларимиз бор. Бу машғулотга ёшлигимдан қизиққанман. Битта томир топсам ҳам, ерга экаман. Бу хислатим фарзандларимга, набираларимга ҳам ўтган.

Оила аъзоларининг айтишича, гулчилик ҳозирда даромадли фаолиятга айлантирилган. Сўраб келганларга хонадоннинг ўзидан гул сотилади. Дўконларга тарқатилади. Гулларни кўпайтириш ҳам томорқанинг ўзида амалга оширилади. Баъзи гуллар ниҳоли, уруғидан экилса, қолганлари пиёзи ёки томиридан парваришлаб кўпайтирилади. Хонадон соҳиблари ерни йил давомида бўш қолдирмасликка ҳаракат қилишади. Қишда очиқ жойга уруғ қадаб кўкатлар етиштиришса, бу вақтда иссиқхонада гулларни ўстириш давом эттирилади. Томорқа эгалари қилаётган меҳнати ўзларига ҳам завқ бағишлаётгани, ҳам фойда бераётганидан хурсанд бўлишади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Яна ўқинг:  Олтин топган эмас, элда эъзоз топган азиз

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: