Ўзбекистонда илк бор глобал тадбиркорлик ҳафталиги

Кейинги йилларда юртимизда иқтисодиётни янада либераллаштириш бўйича салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди ва айтиш жоизки, ҳозир ҳам бу жараён шиддат билан давом этмоқда.

Жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги фуқароларимиз учун кўплаб имтиёз ва имкониятлар яратиб берилди. Натижада аксарият аҳоли вакиллари ўзининг шахсий даромадига эга бўлиб, улар юртимиз иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшаётир.

Жорий йилнинг 13 ноябрь санасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳамкорликдаги лойиҳаси – “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги” старт олди. Эътиборлиси, ушбу ҳафталик юртимизда илк бор ўтказилмоқда.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев сўзга чиқди.

Кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, бу соҳада ёшларнинг улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Нега деганда тадбиркор ёшлар сафининг кенгайиши мамлакатимизда малакали кадрлар тайёрлаш билан бирга миллий иқтисодиётни инновацион ривожланиш йўлидан боришини таъминлайди. Айнан мана шу тараққиёт йўли ёш, ташаббускор, янгича фикрлайдиган тадбиркорлар авлодини шакллантиришни тақозо этади. Шунинг учун ёшларни ишбилармонлик соҳасига кенг жалб этиш бўйича бошлаган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз лозим, – деди Қ. Қуронбоев.

Глобал тадбиркорлик ҳафталигини ўтказишдан асосий мақсад – муваффақиятга эришган тажрибали ишбилармонлар билан ёш тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини шакллантириш, уларни янги ғояларга илҳомлантириш, мамлакатимизда тадбиркорлик экотизимини ривожлантириш, бизнесни қўллаб-қувватлашда қўл келадиган дунёдаги илғор тажриба ва замонавий воситалар билан ёшларни таништириш ҳамда янги таклифларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишдан иборат.

Жорий йил 13-19 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Ҳафталик доирасида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган 30 дан ортиқ тадбирлар, маҳаллий ва хорижий бизнес вакиллари билан учрашувлар ташкил этилади. Шунингдек, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тажрибали тадбиркорлар иштирокида 5000 дан ортиқ ёш тадбиркорлар учун “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида “Маҳорат дарслари” ташкил этилиши ҳамда 10 дан ортиқ йирик корхоналарга ёшларнинг ташрифлари уюштирилиши режалаштирилган.

Ҳафталик доирасидаги тадбирларда юртимиздаги тадбиркорлар билан биргаликда Россия, Иcроил, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатлардан 40 дан ортиқ хорижий инвесторлар, бизнесменлар, маркетологлар ва малакали тренерлар иштирок этмоқда.

Яна ўқинг:  ТИББИЁТГА ОИД ХАЛҚАРО КЎРГАЗМА

Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳити яхши ривожланмоқда. Айниқса, ёшларни бу соҳага жалб этиш ва уларга зарур имкониятлар яратиб берилгани эътиборли, – дейди “TC Holdings” компанияси раҳбари Тал Катран (Исроил). – Ҳафталик тадбирлари доирасида ўзбекистонлик ёшларга истиқболли режалар тузиш, муваффақиятли бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тажрибамиз ҳақида гапириб берамиз, улар билан фикр алмашиб, таклиф-мулоҳазаларини ўрганамиз.

Глобал тадбиркорлик ҳафталиги Ўзбекистон миллий тадбиркорлик экотизимини яратиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун муҳим катализаторга айланиши кутилмоқда.

Ушбу йирик тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Халқаро бизнес ва технологиялари ассоциацияси ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Глобал ҳафталик доирасида маҳаллий ва чет эллик ишбилармон доира вакилларининг Самарқанд ва Фарғона шаҳарларига ташрифи режалаштирилган. Мутахассислар ушбу йирик тадбир замонавий ва халқаро амалиётлар уйғунлигида мамлакатимизда бизнесни ривожлантириш борасида янги таклифларни ишлаб чиқиш, ишбилармонликни тараққий эттиришга хизмат қиладиган чора-тадбирларни режалаштиришга катта имконият яратади, дея баҳоламоқда.

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: