Танбеҳ

(ҳикоя)

Бешинчи ё олтинчи синфда ўқирдим. Синфбоши бўлганим боис ҳамсабоғимизнинг ножўя қилмиши учун муаллимдан қаттиқ дакки эшитдим. Бундайроқ айтганда, айбсиз “айбдор” эдим. “Муаллим мени ёмон кўради, ичи қора!” Кўнглимдан лоп этиб шу фикр ўтди. Ноўрин танбеҳни синфдошларим ҳам сезиб турарди. Рости, менга бу алам қилди. Бироқ, синфдош дўстимни “сотмадим”. Кечқурун отам ишдан келгач, воқеани айтиб бердим. Мени қўллаб-қувватлаш ўрнига негадир отам ҳам устозимнинг ёнини олди.

– Ўқитувчи ноўрин койимайди. Синфбоши бўлгандан кейин синфдаги барча нарсага жавоб беришинг керак, ўғлим! – деди отам, сўнгра мени юпатган бўлди. – Лекин дўстингни сотмаганинг яхши бўлибди. Сотқинлик – жуда ёмон нарса. Агар бошқаларга зарар етказадиган иш бўлса, аввало буни ўзига обдан тушунтириш керак. Агар тушунишни истамаса, унда синф раҳбарингга астагина билдириб қўйсанг, бу сотқинликка кирмайди. Ҳа энди, ўқитувчинг айбинг бўлмасаям бошқаларга ибрат бўлсин, деб дашном берса, берибди-да. Бунинг учун ундан хафа бўлиб ўтирма, уят бўлади!..

Барибир муаллим томонидан қилинган ҳақсизлик юрак-юрагимдан ўтиб кетганди. Истасам-истамасам, ноҳақ койиш кўнглимнинг бир четига ўтириб қолганди.

Орадан уч-тўрт кун ўтди. Тонгда туриб, сигирларимизни подага қўшдим. Қайтишда иттифоқо рўпарамдан ўша – мени ноҳақ айблаган ўқитувчи чиқиб қолса бўладими. У ҳам сигирларини ҳайдаб, мен томонга тўғри келарди. Менам чеккага тисарилмадим, тўппа-тўғри боравердим. Муаллим сўз қотмоққа оғиз жуфтлаганди, мен ерга қараганча салом бермасдан шундоқ ёнгинасидан индамай ўтиб кетдим. Атайлаб шундай қилдим. Бировни ноўрин хафа қилиш қанақалигини билиб қўйсин-да.

Ёнидан ўзимча гердайиб ўтаётганимда, секингина разм солдим: муаллимнинг юзида ҳайронлик, аллақандай саросима ифодаси қотиб қолганди. Баттар бўлсин, дедим ичимда. Уйга келарканман, қилган ишимдан ўзимда йўқ қувонардим. Сезиб турибманки, энди унга алам қилади. Нега уни ранжитдим, деб роса ич-этини еб, ўзини койийди.

Сўнг буни отамга айтдим. Отам аввалига ҳеч нарса демади. Афт-ангоримга пича вақт тикилиб турди. Даставвал отамнинг юзида бироз жиддийлик аломати зоҳирланди, сўнгра кулимсирагандай бўлди-да:

– Ўҳҳў, жуда зўр иш қилибсиз-да, ўғлим! Сиз салом бермаганингиз учун домланинг устига осмон қулаб тушгандир балки, – деди. Отам киноя қилаётганди. Шундан сўнг гап билан таъзиримни ейишимни сезиб, секингина бурилгандим, отам:

Яна ўқинг:  Муҳаббат Ҳамидова. Ибратли ҳикоялар

– Тўхта, – деди оҳисталик билан. – Ўзингча муаллимингдан ўч олган бўлибсан-да…

Мендан садо чиқмади, индамай бошимни қуйи эгдим. Отам босиқлик билан сўзида давом этди:

– Аввало салом бермоқ ҳам, алик олмоқ ҳам – кишининг зийнати. Ширинсўзлик ҳам инсонга хос одат. Нима, салом бермаганинг билан осмон узилиб, ерга тушармиди? Устозинг олдида адабсизлигингни билдириб қўйибсан, камига мениям шарманда қилибсан! Энди у “шундай одамнинг ўғли тарбиясиз экан”, деб ўйламайдими? Қайтага ўтган ишни унутиб, салом берганингда, барчаси ўз ўрнига тушарди-ку! Шоир бўламан деган одам ҳам майдалашиб, ўч олиб юрадими?!

Мен роса изза бўлдим. Бу гаплар анча нашъа қилди. Апил-тапил, нонушта қилар-қилмас, сумкамни кўтарганча мактабга қараб йўл олдим. Кетаяпману худди устимга бир тонна юк ортилгандек, оёқларимга тош осилгандек ҳис қиламан, бутун вужудим зил-замбил. Назаримда, уйдан мактабгача бўлган тўрт юз қадамча йўлда ярим кун юрдим-ов!.. Хуллас, амал-тақал қилиб мактабга ҳам етиб келдим.

Шунда яна ногаҳон қаршимда ўша муаллим пайдо бўлиб қолса бўладими? Қувонганимданми, кўзларим чақнаб кетди. Одоб билан домламизга қимтинибгина салом бердим:

– Ассалому алайкум, муаллим! Мени кечиринг! – дедим бошимни хам қилганча.

Муаллим сочларимни силаб-сийпаларкан, ўзгача меҳр билан эркалади:

– Ҳечқиси йўқ, ёшсан, болам! Кичиклар айб қилса, катталар уни кечирмоғи шарт!

Устимдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Қушдек енгилман. Атроф кўзларимга янаям чароғонлашиб кетгандай туюлди…

Абдуқаюм БЕККАМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: