Билимлар беллашуви: изланганга илм ёр
Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар, маънавий-маърифий тизимдаги янгиланишлар замирида ҳаётимизнинг асл мазмуни – фарзандларимизнинг баркамол турмуш тарзини яратишдек эзгу мақсад мужассам. Барча саъй-ҳаракатларимизнинг негизида ёшларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом этиб вояга етказиш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини яратиш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради. Зеро, Юртбошимизнинг «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт» деган даъвати алоҳида қимматга эгадир.
Пойтахтимизда «Билимлар беллашуви – 2013» кўрик-танловининг республика босқичи бошланди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида ғолиб бўлган ўқувчилар иштирок этмоқда.
Анъанавий «Билимлар беллашуви» Давлат таълим стандартларида белгиланган талаблар бажарилишини атрофлича ўрганиш ва таҳлил этиш, умумтаълим мактаблари ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари фаолиятига холисона баҳо бериш, ўқувчиларнинг қобилият ва иқтидорларини қуйи синфдан аниқлаш ва ривожлантириш, шунингдек, мактабда соғлом рақобатни ташкил этиш орқали уларнинг билим олишга бўлган қизиқишини оширишга йўналтирилган.
Ушбу билимлар беллашувининг биринчи (мактаб) босқичи 2012 йил декабрь-январь ойлари, иккинчи (туман) босқичи январь-февраль ойларида ҳамда учинчи (вилоят) босқичи март ойининг охирги ўн кунлигида ўтказилган эди.
Жорий йилги танловни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан юқори савияда ташкил этиш мақсадида билимлар беллашуви ўтказиладиган ўқув предметлари немис, француз, ҳуқуқ ва иқтисод фанлари ҳисобига янада кўпайтирилди. Синов жараёнига ёзма иш, лаборатория машғулотлари, хорижий тиллар бўйича ёзма ва оғзаки мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган назорат турлари киритилди.
Ушбу беллашувнинг нуфузи мактаб ўқувчилари орасида йилдан йилга ошиб бормоқда. Мазкур танлов бўйича методик тавсиялар, назорат материалларининг намуналари ишлаб чиқилиб, вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Бу йилги танловда 1 миллион 950 минг нафардан ортиқ 5-8-синф ўқувчиси иштирок этди. Бу ўтган йилга нисбатан 690 минг нафар ўқувчи кўп деганидир. Якуний босқичда эса 522 нафар ўғил-қиз ўз билимини синовдан ўтказмоқда.
28 июнга қадар давом этадиган танловнинг якуний босқичи иштирокчилари Тошкент вилоятидаги «Ёзги интеллектуал оромгоҳ»да дам олишади. Улар учун тажрибали педагоглар, профессор-ўқитувчилар, олимлар, маданият ва санъат намоёндалари иштирокида кечалар, маҳорат сабоқлари, викториналар ва мусобақалар ташкил этилади.
– Мен ушбу танловда қатнашаётганимдан хурсандман, – дейди Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 6-синф ўқувчиси Улуғбек Шамсиев. – Устозларимнинг менга бўлган ишончини оқлашга ва берилган имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан.
Табиийки, бугунги авлод олдига давр янги вазифаларни қўймоқда. Келажакда улар ўз билим ва салоҳиятлари билан она Ватаннинг порлоқ ва буюк келажагини бунёд этишга ўз ҳиссасини қўшишига ишонамиз.
Наврўз НОРБОБОЕВ