Депутатлар Давлат бюджети ижросини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди.
Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишларда фракциялар аъзолари Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари Ё.Турсунов маъруза қилди.
Унда таъкидланишича жорий йилнинг 14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тармоқлар ва ҳудудларда мавжуд муаммолар, камчиликларни бартараф этиш, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, фаол инвестиция сиёсатини юритиш, экспорт салоҳиятини ошириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар изчил амалга оширилиши ўз самарасини бермоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 7,0 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 5,8, чакана савдо айланмаси 11,1 фоизга ўсди.
Фракция аъзолари мамлакатимизда барқарор ва замонавий ишлаб чиқариш ва миллий маҳсулотлар экспорт кўлами ортиб бораётгани, аҳоли харид қобилиятининг тобора фаоллашаётгани ялпи ички маҳсулот ҳажми ўсишига хизмат қилаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Бу каби комплекс чора-тадбирлар натижасида 2017 йил биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети тасдиқланган параметрларга мувофиқ амалга оширилиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорда профицит билан бажарилган. Инфляция даражаси эса белгиланган прогноз кўрсаткичларидан ошмаган.
Йиғилишда Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги таъминланиб, партиянинг мақсадларига ҳамоҳанг тарзда фан, таълим, маданият ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ижобий баҳоланди.
Муҳокамалар чоғида фракция аъзолари партия сайловолди дастурида кўзда тутилган Давлат бюджетининг ижроси билан боғлиқ қатор масалаларга эътибор қаратди.
Жумладан, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, солиқ қонунчилигида кўзда тутилган имтиёз ва преференциялардан мақсадли фойдаланиш, бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш, бюджетдан ажратилаётган маблағларни самарали сарфлаш каби масалалар юзасидан таклифлар билдирилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган устувор вазифаларни изчил рўёбга чиқариш, хусусан Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлаш, солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва шу каби бошқа чора-тадбирлар 2017 йил биринчи ярим йиллигида ўз аксини топгани таъкидланди.
Йиғилишда Давлат бюджети даромад қисмининг ижросига тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, 2017 йил биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,6 фоизга ўсди, белгиланган режа 101,6 фоизга бажарилди.
Давлат бюджетининг харажатлар бўйича ижроси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджетининг харажатлари ижроси аҳоли бандлиги ва реал даромадларни изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани қўллаб-қувватлаш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш каби бюджет параметрларида белгиланган асосий йўналишларга қаратилди.
Йиғилишда маҳаллий бюджетлар даромад базасини кенгайтириш, маҳаллий бюджетлар харажатларини республика бюджетига ўтказиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг 7 та туманини тўлиқ, шунингдек, мамлакатимизнинг 27 туман (шаҳар)ларини субвенциядан чиқаришга эришилгани алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар Давлат бюджетининг харажатлари ижросида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишларига алоҳида этибор қаратди.
Ҳисоботда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси даромадлари 21,4 миллиард сўм, харажатлар 21,1 миллиард сўмни ташкил этгани қайд этилган.
Маълумки, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Шунга қарамасдан, депутатлар мазкур соҳада олиб борилаётган ишларни ҳамон қониқарли, деб бўлмаслигини қайд этди.
Депутатлар фикрича, туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар кутилган натижани бермаётир.
Ногиронлар учун реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш талаб этилиши бўйича таклифлар билдирилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг таълим олиши ва ишга жойлашишида ҳар томонлама кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича қатор таклифларни билдирди.
Фракциялар йиғилишларида Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи қўллаб-қувватланди.
Улуғбек Асроров,
ЎзА