Кўп қаватли уйлар қиш мавсумига тайёрми?

Фарғона вилоятида куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Туман ва шаҳарларда ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, тайёргарлик ишлари қатъий назоратга олинган.

Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Фарғона шаҳрида кўп қаватли уйлар, умумий фойдаланиш жойлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан ўз вақтида ва етарли даражада таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Ҳозирги кунда тегишли ташкилотлар ва ишчи гуруҳи томонидан жойларда мавсумга тайёргарлик ишлари ўрганиб чиқилмоқда, – дейди Фарғона шаҳар уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи А.Ҳайдаров. – Шаҳардаги 1 минг 225 кўп қаватли уй ва барча ташкилот-корхоналарда бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Шу кунгача кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича тижорат банклари томонидан ажратилган 20 миллиард сўм кредитнинг 12,4 миллиард сўми ўзлаштирилди. Кўп қаватли уй-жой фондини ва мавжуд бино-иншоотларнинг асосий муҳандислик тармоқлари, технологик ускуналарини куз-қиш даврига тайёрлаш, эҳтиёжига қараб жорий ва мукаммал таъмирлаш, корхоналарни кўмир, мазут, техник газ, туз, табиий газ, электр энергияси, сув билан таъминлаш, суюлтирилган газни ҳудудлар бўйича етказиб бериш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Кўп қаватли уй-жой фондининг қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолати бўйича жойларда жамоатчилик назорати ўрнатилиб, улар томонидан уй-жойлардаги мавжуд ҳолат ўрганилмоқда. Бажарилган юмушлар сифатини таъминлаш мақсадида масъул идоралар вакилларидан иборат жамоатчилик комиссиялари тузилган бўлиб, иш ушбу комиссия далолатномаси асосида қабул қилинаётир.

Амалга оширилаётган бундай ишлар мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этиб, хонадонлар ва корхоналарнинг қиш мавсумини муаммосиз ўтказишини таъминлаш имконини беради.

– Ҳудудимиздаги 31 кўп қаватли уйда 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мурувват Ҳайдарова. – Шу кунгача 24 та кўп қаватли уйнинг ертўла, кириш йўлаклари, том қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Уйларнинг кириш йўлагига акфа ромлар қўйилиб, темир эшиклар ўрнатилди.

Бу борада “Маҳлиё коммунал плюс”, “Обод коммунал инвест”, “Мақсад коммуналчи” ва “Коммунал” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг хизмати катта бўлмоқда. Айни кунларда ишлаб чиқилган тадбирлар асосида барча кўп қаватли уйларда таъмирлаш ишлари якунига етказилаётир. Бунда, албатта, тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар муҳим ўрин тутмоқда.

Яна ўқинг:  Бекзод – жаҳон чемпионати совриндори

Лекин вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўнгилдагидек олиб борилаяпти, деб бўлмайди. Масалан, Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида кўп қаватли уйларнинг иссиқлик тизимини қуриш ва қайта таъмирлаш учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига имтиёзли кредит маблағи ажратишда “Савдогарбанк”, “Трастбанк”, “Туронбанк”, “Халқ банки”, “Капиталбанк”, “Микрокредитбанк” каби тижорат банкларининг филиаллари томонидан сусткашликка йўл қўйилган. “Алоқабанк”, “Ҳамкорбанк”, “Туронбанк”, “Капиталбанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига имтиёзли кредит маблағлари ажратиш режаси бажарилмаган. Албатта, вақт кутиб турмайди. Агар мазкур банклар раҳбарлари масалани зудлик билан ҳал этмаса, муаммо кўлами янада ортади.

Халқимизда “Қиш ғамини ёзда е” деган нақл бежиз айтилмаган. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини қуёшли, ғанимат кунларда амалга оширмаган тегишли соҳа мутасаддиларининг ер чизиб қолишлари турган гап.

Маъсуджон Сулаймонов,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: