Навоийда ёшлар ҳафталиги

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир вилоят ёшларини бир ғоя атрофида бирлаштиришга қаратилган.

Ҳафталик доирасида “Мустақиллик – энг олий неъмат”, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?”, Мустақиллик – маънавий тикланиш ва юксалиш”, “Соғлом авлодни тарбиялаш келажаги буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир”, “Мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш – бош мақсадимиз” мавзуларида учрашувлар ўтказилди. Маҳаллаларда кенг аҳоли қатлами, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ўтказилган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари барчада катта таассурот қолдирди.

Қизилтепа туманидаги марказий истироҳат боғида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркасида тумандаги 85 корхона-ташкилот 1 минг 235 бўш иш ўрни билан иштирок этди. 105 иштирокчи турли ташкилот ва корхона билан ишга жойлашиш учун шартнома имзолади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши, Конимех тумани ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида тумандаги 20 нафар имконияти чекланган ёшлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-салом улашилди.

Кармана тумани ҳокимлигида ўтказилган “Адабиёт ва санъат шахс маънавиятини бойитиш ва юксалтириш омили” мавзусидаги давра суҳбатида вилоятдаги иқтидорли ёшлар иштирок этиб, турли таклифларни илгари сурди.

– Тенгдошларимиз учун мунозара клуби ва китоб мутолааси бўйича танлов ташкил этиш таклифим барчага маъқул бўлди, – дейди Кармана туманидаги 20-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси М.Рўзиева. – Танлов ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, уларда мутолаа маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Илғор ғоялар мана шундай баҳс-мунозараларда туғилади. Ёшлар учун бундай клублар фаолияти айни муддао бўлади, деб ҳисоблайман.

Нурота туманидаги “Чашма” мажмуасида 100 дан ортиқ ёш ҳунарманд ва рассомлар иштирокида кўргазма ташкил этилиб, 20 нафар моҳир мўйқалам соҳиби ва ҳунарманд саралаб олинди. Ғолибларга “Китоб олами” дўконидан бепул бадиий асарлар олиш имконини берувчи махсус сертификатлар топширилди.

Ҳафталик доирасида вилоят ҳокими Қ.Турсунов ёшлар билан учрашувлар ўтказди. Очиқ мулоқотларда уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни бирлаштириш мақсадида марказлар ташкил этиш, олис ҳудудларда аҳоли маданият ва дам олиш марказлари барпо этиш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш учун жамғармалар тузиш таклифлари билдирилди.

Яна ўқинг:  Спортчиларимиз “Ислом бирдамлик ўйинлари”да 63 та медал жамғаришди

Нуриддин Раҳимов,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: