Тадқиқот: ҳомиладорлик даврида нотўғри овқатланиш бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади
Кўп аёллар ҳомиладорлик вақтида зарарли маҳсулотлардан тийила олмайди. The Daily Mail нашри хабар беришича, агар аёл ёғли овқатларни кўп истеъмол қилса, руҳий муаммоли болалар туғилиши хавфи ортади. Ёғли овқат ривожланаётган мияга ва гормонал муҳитга зарар етказади, оқибатда болада безовталик ва депрессия юзага келиши мумкин.
Орегон тиббиёт университети ходимлари ҳомиладор маймунларда тажриба ўтказди. Маймунлар икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳ ёғли рацион, иккинчиси нормал рацион асосида боқиб борилди. Улар болалаганидан сўнг, маймунчаларнинг феъл-атвори текширилди.
Ёғли рационда боқилган маймун болаларида қаттиқ безовталик ҳолати намоён бўлди. Уларнинг миясидаги серотонин тизими шаклланиши бузилган. Шунингдек, уларни фойдали овқатлар билан озиқлантириш ҳам самара бермади. Серотонин етишмовчилиги нафақат руҳият, балки иштаҳа, овқат ҳазм қилиш, хотира ва уйқу билан боғлиқ муаммоларни ҳам келтириб чиқаради.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.