Фарзанд саломатлиги дилимиз ҳаловати

Сўнгги пайтларда ёш оналарнинг болам камқон (анемия), у ҳам менга ўхшаб беҳол деган шикоятлари қулоққа чалинадиган бўлди. Болалигимизда негадир бувижонларимиз майиз, асал, ёнғоқ егин, соғлиқ учун фойдали деб маслаҳат беришарди. Албатта, бу бежизга айтилмаган. Ҳозир болаларда анемия касаллиги кўп учрамоқда. Камқонлик ўзи қандай хасталик? Болаларда у қандай кечади? Шу каби саволлар билан педиатр-шифокор Шаҳноза Ориповага мурожаат қилдик.

Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари нимада?

– Камқонлик – бу организмда қизил қон танача (эритроцит) камайиб кетиши, ёки қизил қон таначаларида гемоглобиннинг камайишидир. Булар асосан қон йўқотишдан, кесилган жойлар, меъдадаги яралар, гижжалар натижасида пайдо бўлиши мумкин. Ундан ташқари қизил қон таначалари бошқа бир қатор моддалар етишмаганлиги, масалан, темир моддаси тан­қислиги оқибатида ҳам камқонлик келиб чиқиши аниқланган.

Касаллик кимларда кўпроқ учрайди?

– Камқонлик ҳомиладор аёллар ва болаларда ўртасида учрайди. Камқонлик қишлоқларда яшовчи кўп болали аёллар ўртасида кенг тарқалган бўлиб, бунинг натижасида мадорсизлик, бош айланиши, қулоқда шовқин эшитилиши, юракнинг тез уриши, нафас қисиши ва ҳакозо, кузатилади. Беморларнинг териси қуруқ, тирноқлари мўрт бўлади. Бундай аёллар нимжон, заиф фарзанд кўрадилар. Ҳарорат кўтарилиши, турли оғриқ безовта қилиши, кўп ҳолларда қон босими паст бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда анемиянинг қайси тури кенг тарқалган?

– Энг кенг тарқалган анемиянинг туридан бири бу – темир моддасининг танқислигидир. Унинг озиқ-овқатлардаги етишмовчилиги ҳам камқонликка олиб келади. Қон тизими етарли даражада темир моддасини қабул қилмаса, у ўз навбатида гемоглобиннинг етарли миқдорини ишлаб чиқара олмайди. Оқибатда эса эритроцитларда темир моддаси етишмаса гемоглобин тўқималарга кислород етказиб бера олмайди.

Болаларда касаллик қандай кечади?

– Болалардаги анемия, яъни камқонликнинг пайдо бўлишига онанинг ҳомиладорлик даврида сифатли ва тўйимли овқатланмаслиги сабаб бўлади. Болаларда анемия толиқиш, рангпарлик, иштаҳанинг йўқолиши, бош оғриғи, тери қуруқлиги, тирноқ ва сочларнинг синувчанлиги, оғиз бурчакларидаги ёриқлар ва турли юқумли касалликларга тез чалиниш каби белгилар билан намоён бўлиши мумкин. Касалликнинг оғир шаклларида нафас олишнинг қийинлашиши, бош айланиш, юрак тез уриши, шиллиқ қатламларнинг ўзгариши (силлиқ малина рангидаги тил, таъм, ҳид сезишнинг ўзгариши, ютинишнинг мураккаблашиши), шу билан бирга жигар ва талоқнинг шишиши ҳам кузатилади. Агарда эмизикли бола рангпар, ҳолсиз, иштаҳа паст бўлса, ривожланишдан орқада қолса ва юқумли касалликларга тез чалиниши кузатилса – бу камқонликнинг белгиларидан бири бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  Она ва бола саломатлиги – доимий эътиборда

Камқон болага қандай озиқ-овқат маҳсулотларини тавсия этасиз?

– Болага темир моддаси мавжуд маҳсулотларни бериш керак. Бу – балиқ, товуқ гўшти, жигарларда ва тухум сариғида кўпроқ. Тўқ яшил баргли сабзавотлар ва ёнғоқ ҳам темир моддасига бойдир. Бир хил тусдаги маҳсулот ва таомлар ҳам бола организмида темир моддасининг танқислигига олиб келиши мумкин. Овқатдан сўнг C витаминига бой турли мевали шарбатлар темир моддасининг яхши сўрилишига олиб келади. Анемияни махсус парҳезга амал қилган ҳолда даволаб бўлмайди. Шу сабабли шифокорлар темир моддаси мавжуд дори воситаларини ёзиб беради. Уларни иложи бўлса эрталаб наҳорга берсангиз, таъсир этиш кучини оширади. Камқонликнинг олдини олиш мақсадида ёнғоқ, майизга озгина асал қўшиб биргаликда гўшт қиймалагичдан ўтказиб ҳар кун истеъмол қилиб юрса бўлади.

Камқонликни қанчалик эрта аниқлаб уни даволаш чоралари эрта кўрилса, анемия хавфи шу қадар камаяди. Муҳими ҳомиладор аёллар ўз соғлиқларига бепарво бўлмасдан, шифокор назоратидан тез-тез ўтиб туришлари, темир моддасига тўйинган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишлари керак. Шундагина соғлом онадан соғлом бола дунёга келади.

Одина ҚУЛМУРОДОВА,

ЎзДЖТУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: