Дам олиш маданияти. Cиз уни қандай тушунасиз?

Ўлкамизда ёз. Қуёш тафти оламни куйдирай дейди. Бу пайтда одамлар тоғ ён бағри, сўлим табиат қўйнига ёки дарё бўйига ошиқади.

Юртимизнинг барча тоғолди ҳудудларида биз истаган ҳузурбахш муҳит бор. Маҳаллий аҳоли томонидан ташкил этилган қулай шароитлар эса дам олувчилар учун айни муддао. Аммо табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришнинг алоҳида тартиб-таомили ўрнатилмагани боис, дам олиш учун келган кишиларнинг маданиятига боғлиқ кўриниш­лар баъзида кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлади.

Маишатми ёки ҳордиқ?

Бизнингча, гўзал тоғ ён бағрида дам олишга отланаётган инсон, аввало, бир саволга жавоб топиши керак. Табиат қўйнига нега борилади, ўзи? Тўкин дастурхон атрофида еб-ичиш, маишат қилиш учунми ёки чарчаган танага роҳат бахш этиш, шаҳар чанг-тўзонидан димиққан ўпкага бироз бўлса-да, соф ҳаводан нафас олиш имконини бериш учунми?..

Биз жамоат жойларида одатда ўзимизни сипо, маданиятли тутишга ўрганганмиз. Қандай ўтириш, қандай юриш-туриш кераклигини, нимани қандай гапириш лозимлигини яхши биламиз. Одоб қоидаларига оғишмай амал қилишга уринамиз. Одамлардан узоқлашиб, табиат қўйнига чиққанимизда эса ўзимизни бирмунча эркин сезамиз: гўё ёввойи табиат бағрида ҳеч бир маданият қоидалари керак эмасдай. Аслида худди шу нуқтада инсоннинг асл ички маданияти намоён бўлади.

Маданиятли инсон сувни ифлослантириб, дуч келган жойга чиқинди ташламайди. Дарахтлар шох-шаб­басини синдириб, гиёҳларни топтамайди. Балки табиат бағрида ҳам ўз маданиятини, бу борадаги билимларини намоён қила олади. Ёқилган гулханни батамом ўчирмасдан кетмайди. Ўзи билан етарлича озиқ-овқат олади. Чиқиндини дуч келган ерга эмас, белгиланган жойга олиб бориб ташлайди. Фарзандларига ҳам шуни уқтиради, уларни-да шунга ўргатади.

Афсус, бугун табиат қўйнидаги хунук манзаралардан кўнгил ранжийди.

Овқат қолдиқлари, ичимликдан бўшаган шиша-ю пластик идишлар, целлофан халтачалар, шоколад-у сақич қоғозлари оёқ остида сочилиб ётади. Энг ёмони бу каби чиқиндилар ариқ ва сойларда оқаётган зилол сувларга ҳам ташлаб юборилмоқда. Ваҳоланки, маиший чиқиндиларнинг ер бағрига сингиб, батамом йўқ бўлиб кетиши учун жуда кўп вақт талаб этилиши, майда-чуйда масалага ўхшаган бундай муаммолар сабаб бугун инсоният глобал иқлим ўзгариши натижасида дунёнинг турли бурчакларида табиий офатлар кузатилмоқда. Ер аҳолиси парник газлари, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши қаршисида ожиз қолаётгани ҳақида кўп бора гапирилмоқда.

Яна ўқинг:  Мирза полвоннинг кенжа авлоди

Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиат қўйнида дам олиш чоғида оёқ остига, умуман, дуч келган ерга ташланган маиший чиқинди – озиқ-овқат қолдиқлари тез айнийди ва ундан чиққан қўланса ҳид атроф-муҳит мусаффолигига зарар етказади. Мева-сабзавот, қовун-тарвуз қолдиқлари ташланган ерда турли ҳашаротлар кўпаяди. Айниқса, бу шароитда урчиган пашшалар турли юқумли касалликлар тарқалишига сабабчи бўлади.

Алоҳида тартиб керакми ёки онгли ёндашув?

Албатта, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида дам олиш масканлари маъмурияти томонидан айрим чоралар кўрилади. Яъни, уй-меҳмонхонаси бор хонадонларга махсус огоҳлантириш хатлари тарқатилиб, унда кўрсатилган қоидаларга қатъий амал қилиниши талаб этилади. Дам олиш масканлари назорат остига олиниб, қоида­бузарлар жиддий огоҳлантирилади. Шу билан бирга бундай масканлар ҳудудида илиб қўйилган огоҳлантириш қоидаларига ҳам кўзингиз тушади.

Тасаввур қилинг йил бўйи орзиқиб кутилган дам олиш фурсати етди. Сўлим масканда дилингизга яқин инсонлар билан бирга яйраб ўтирибсиз. Шундай пайтда назоратчи ёнингизга келиб, белгиланган бирор қоидани бузганингизни айтиб, қаттиқ огоҳлантириш берди. Хўш, бу пайтда ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Танбеҳ сизга оғир ботмайдими?

Албатта, ҳар жойда тартиб бўлгани яхши. Аммо ўзини билган, ички маданияти тугал инсон учун тартиб-қоида одоб-ахлоқ қоидасига айланмоғи шарт. Демакки, бу масалага онгли ёндашув лозим. Ҳар бир одам табиат қўйнида ўзини тартибли тутса, атроф-муҳитга оқилона муносабатда бўлса, ҳеч бир огоҳлантириш, назоратнинг кераги бўлмайди.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: