Жиддий кечинмалар инсон юрагида ўчмас из қолдиради
“Парчаланган юрак синдроми” юрак мускулларининг шикастланиши билан характерланади ва кучли эмоционал кечинмалар (масалан, яқин кишисидан айрилиш) туфайли қўзғалиши мумкин деб ёзади News-medical.net сайти. Унинг аломатлари юрак ҳуружини эслатади. Яқин вақтгача юрак руҳий сиқилишдан сўнг нормал ҳолатга қайтади деб ҳисобланар эди. Лекин текширувлардан маълум бўлишича, зарарланиш узоқ вақт сақланиб қолади, ҳатто сурункали бўлиб қолиши ҳам мумкин экан.
Абердин университети ходимлари ушбу касалликка йўлиққан 52 нафар беморнинг ҳолатини тадқиқ қилди. Кузатув 4 ой давом этди. Ултратовушли юрак текшируви ўтказилди. Натижада, ушбу синдром сабабли юракнинг қон ҳайдаб бериш қобилияти зарарланиши аниқланди. Юракнинг қисқариши меъёрдан кўра заифроқ эди, органнинг баъзи жойларида чуқур чизиқлар ҳам кузатилди. Улар юракнинг эгилувчанлигини пасайтириб, меъёрда қисқаришига тўсқинлик қилади.
Бугунги кунда муаммо пайдо бўлгандан сўнг, синдромнинг салбий таъсири 4 ойгача сақланиб қолади деб бемалол айтиш мумкин. Лекин олимлар баъзи таъсирлар инсоннинг бутун умри давомида сақланиб қолади, деб тахмин қилишмоқда.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.