Эр-хотиннинг умумий мулкига нималар киради?
Турмуш ўртоғим билан никоҳимизни бекор қилмоқчимиз. У “уйдан ҳайдайман, ҳеч нарса бермайман”, деб дағ-даға қилаяпти. Барча мол-мулк унинг пулига олинганини важ қиляпти. Мол-мулкларда менинг ҳам ҳиссам борлигини қандай исботлашим мумкин?
Д. БОТИРОВА, Қарши шаҳри
– Эр-хотиннинг турмуш давомида орттирган мол-мулки юзасидан низони ҳал этишда “Оила” кодексининг 23-моддасига риоя этилади. Унга кўра агар никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулки, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулки уларнинг умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади. Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига ҳар бирининг меҳнат, тадбиркорлик ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар олган пенсиялар, нафақалар, шунингдек, махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари киради.