Қандли диабет: бемор парваришида умумий тавсиялар

Қандли диабет — Жаҳон Соғ­лиқни Сақлаш Ташкилоти мутахассисларининг фикрича бу метаболик моддалар алмашинувининг бузилиши ҳисобланади. Унинг белгиларидан бири қонда қанд миқдорининг юқори бўлишидир (гипер­гликемия). Қандли диабет икки хил бўлади. Яъни, инсулинга боғлиқ бўлган (1-тур) қандли диабет ва инсулинга боғлиқ бўлмаган (2-тур) қандли диабет. Ушбу хасталикда меъда ости безида инсулин ишлаб чиқариш жараёни кескин бузилади. Қандли диабет ҳозирги кунда энг кенг тарқалган сурункали касаллик бўлиб, бу хасталикка жаҳонда долзарб муаммо сифатида қаралмоқда.

Касалликнинг асоратларини олдини олиш учун қондаги қанд миқдорини доимо назорат қилиш лозим. Қонда қанд миқдорининг ошиши оғир асоратларга олиб келиши, улар баъзан бир неча йилдан сўнг юзага чиқиши мумкин. Бу асоратлар кечки асоратлар деб аталади ва кўз, асаб, буйрак, қон томирлари каби ҳаёт учун муҳим аъзолар ва тизимларни зарарлайди. Баъзан биринчи марта аниқланган қандли диабетда ҳам кечки асоратлар аниқланиши мумкин. Фақат қондаги қанд миқдорини меъёрлаштиришгина қандли диабетнинг кечки асоратлари ривожланишининг олдини олади.

Қандли диабетнинг асоратлари борлигини аниқлаш учун тўлақонли текширувдан ўтиш лозим: шифокорингиз кўзлар ва оёқларингизни, буйраклар ва юрак фаолиятини текшириши, артериал қон босимини ўлчаши, қондаги холестерин миқдорини аниқлаши керак.

Шифокорингиз асаб тизимини ҳам текшириши шарт. Чунки, у зарарланганда диабетик нейропатия деб аталувчи асорат ривожланади. Диабетик нейропатия турли хил белгилар: оёқларда оғриқ, музлаш ва игна санчиш ҳисси, мушакларнинг бўшашиши, ўрнидан туришда бош айланиши ёки ҳушидан кетиш, зўриқиш бўлмаса ҳам юрак уриб кетиши, ич кетиши, қайт қилиш, ов­қатланиш пайтида терлаш, эркакларда жинсий ожизлик кабилар билан ифодаланади. Ўз вақтида даволаниш асаб тизими фаолияти ва ҳолатини тиклашга ёрдам беради. Қондаги қанд миқдорини камайтирувчи дори воситаларини қабул қилиш билан бирга тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик зарур. Парҳезга риоя қилиш, жисмоний фаоллик даражасини ошириш, диабетик нейропатиянинг олдини олиш ва даволаш учун қўлланиладиган дори воситаларини қабул қилиш лозим.

Текширув ўтказишда қуйидаги графикка риоя қилиш керак: артериал қон босими ва тана вазнини доимо назорат қилиб туриш, ҳар йили 1-2 марта кўз тубини текшириш ва 3-4 марта пешобда оқсил миқдорини текшириш ҳамда 1-2 марта ЭКГ ўтказиш ва кардиолог кўригидан ўтиш, (градуирланган камертон, монофиламент, типтерма ёки тўмтоқ игна ёрдамида оёқлар сезгирлигини текшириш, пайлар рефлекси ва мушаклар кучини текшириш), йилига бир марта электронейромиография ўтказиш лозим.

Яна ўқинг:  Шифобахш мутолаа

Юқорида кўрсатиб ўтилган тиббий текширувга оид умумий тавсиялар бўлиб, уларни шифокорингиз билан муҳокама қилишингиз мақсадга мувофиқдир.

ПАРҲЕЗ

Қандли ­диабет билан оғриган беморлар кунига 5-6 марта ва аниқ бир вақтда овқатланишлари керак. Уларнинг таомномасида витаминлар, микро ва макроэлементларга бой бўлиши лозим. Ортиқча тана вазнига эга бўлган беморлар углеводларни жиддий чегаралашлари керак. Шуни ёдда тутингки, агар Сизнинг даволовчи шифокорингиз тавсия қилган парҳез ёзилган тавсиялардан фарқли бўлса, унинг маслаҳатига амал қилинг. Фақат шифокоргина сизнинг касалингиз тарихини, таҳлил натижалари ва ҳозирги аҳволингиздан келиб чиқиб, ҳолатингизни тўғри баҳолаши ва фақат сиз учун энг мос келувчи тавсияларни бериши мумкин.

ТАЪҚИҚЛАНАДИ

Оширма ва қат-қат хамирли маҳсулотлар, торт, ёғли шўрва, манний ёрмали сутли бўтқалар, угра оши, ёғли гўшт, ўрдак ва ғоз гўшти, дудланган маҳсулотлар, кўпгина колбасалар, ёғли балиқ консервалари, икра ва тузланган балиқ, шўр пишлоқ, қаймоқ, ширин творог маҳсулотлари, гуруч, манний ёрмаси, тузламалар, узум, банан, анжир, мураббо, конфетлар, муз­қаймоқ, ширин шарбатлар, газланган ичимликлар ва лимонадлар, ҳайвон ёғи, спиртли ичимликлар кабиларни истеъмол қилиш таъқиқланади. Макарон маҳсулотлари чегараланади.

Нон кунига 200 грамм, қора нон ёки махсус диабет хасталигига чалинганлар учун тайёрланган бўлиши керак;

шўрва асосан сабзавотли, ёғсиз гўштли ёки балиқли шўрваларни ҳафтасига 2 марта истеъмол қилиш мумкин;

ёғсиз мол гўшти, товуқ гўшти, (кунига 100 граммгача) ёки балиқ маҳсулотларини (кунига 150 граммгача) қайнатилган ёки буғда димланган ҳолатда истеъмол қилиш мумкин.

бошоқли, дуккакли, макаронли овқатларни камроқ тановвул қилиш ва нон миқдорини камайтириш керак. Бошоқли маҳсулотлардан сули ва гречка, баъзида буғдой, перловка, гуручни ҳам истеъмол қилиш мумкин;

картошка, лавлаги, сабзини кунига 200 граммдан қабул қилиш тавсия этилади.

бошқа сабзавотларни(карам, салат барги, редиска, бодринг помидор) ва кўкатларни истаганича хом, қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш мумкин;

тухум кунига биттадан кўп эмас ва уни чала пишган, омлет кўринишида ёки бошқа таомларга қўшилган ҳолда истеъмол қилиш мумкин;

нордон, ширин-нордон меваларни(олма, апельсин, лимон, олхўри, маймунжон кабилар) кунига 200-300 граммгача истеъмол қилиш мумкин;

сутни шифокор рухсат берсагина ичиш мумкин ҳамда қатиқ, простокваша, ширин бўлмаган йогуртни кунига 2 стакандан; баъзида пишлоқ, қаймоқ, сметанани истеъмол қилиш мумкин;

Яна ўқинг:  Шакар қонни тўхтатади

қандли диабетда творогни 100-200 граммдан кун ора турли таомлар кўринишида истеъмол қилиш тавсия этилади;

творог, сули ва гречкали бўтқалар, сули ёрмаси перловкалар, наъматак каби маҳсулотлар ёғ алмашинувига ижобий таъсир этиб жигар фаолиятини яхшилайди. Жигарни ёғ босишига қаршилик қилади;

қора ва кўк чой, сутли чой, аччиқ ва қуюқ бўлмаган кофе, томат ёки бошқа нордон мева-сабзавотлар шарбатини ичиш мумкин;

ХАСТАЛИКДА ОЁҚЛАР ПАРВАРИШИ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР

– Оёқларингизни ҳар куни ҳарорати 30-35Ссбўлган сувда ювинг;

– терингизга мос келадиган совундан фойдаланинг;

– таркибида спирт бўлган моддаларни ишлатманг;

– оёқларингизни ювгандан сўнг уларни яхшилаб қуритинг;

– айниқса, бармоқлар орасига эътибор беринг;

– қуруқ, қипиқланувчи, ёрилган тери эҳтиёткорликни талаб этади. Сизнинг товонларингиз касаллик сабабли жудаям қуруқдир;

– бундай ҳолатда товонингизга ҳар куни махсус крем суртинг, лекин кремни бармоқлар орасига суртманг;

– доимий равишда оёқларингизнинг дағаллашган терисига пемза билан ишлов беринг;

– пемзани тез-тез янгилаб туринг. Чунки, ундан узоқ вақт фойдаланганда замбуруғ пайдо бўлиши мумкин;

– қадоқ пластирларини ишлатманг;

– оёқдаги қадоқларни ҳеч қачон қирқманг;

– оёқни иситиш учун асло грелка ишлатманг. Чунки, улар сезгирлик пасайиши сабабли куйиб қолиши мумкин;

– ҳар куни оёқ учун гимнастика қилинг (масалан, оёқ бармоқларини букиш ва ёзиш). Бажариладиган машқлар мажмуасини шифокордан ёки «Диабет мактаби»дан билиб олишингиз мумкин;

– ҳар куни камида 30 дақиқа очиқ ҳавода сайр қилинг;

– оёқдаги тирноқларингизни доимо эговлаб юринг;

– тирноқларингизни тўғри қилиб эговланг, лекин ўткир қирраларини қолдирманг — улар бош­қа бармоқларни жароҳатлаши мумкин.

ПОЯБЗАЛНИ ҚАНДАЙ ТАНЛАШ КЕРАК

Ўзингизга кенг, қулай, оёғингизга мос, биринчи кийиб кўрганингизда оёқларингизни оғритмайдиган пойабзал танланг. Оёқ кафти сиқилиб турмаслиги лозим. Пойабзални куннинг иккинчи ярмида танланг. Шунда сиз аниқ ўлчамни билиб оласиз. Чунки, бу вақтга келиб оёқлар шишган бўлади. Оёқ кийими ичида ёт жисм йўқлигини, унинг патаги букланиб қолмаганлигини доимо текширинг. Пайпоқларингизни ҳар куни алмаштиринг. Иложи борича оқ рангли, пахтадан тайёрланган пайпоқлар кийинг. Чунки уларда жароҳат излари(қон ва йиринг)ни кўриш осон. Ҳеч қачон яланг оёқ ва пайпоқсиз юрманг. Сайр қилганда оёқларингизда қадоқ пайдо бўлиши ёки жароҳатланишидан эҳтиёт бўлинг. Оёқларингизни ҳар куни кўздан кечиринг. Бунинг энг осон йўли кўзгудан фойдаланишдир. Бармоқлар орасида ва тирноқларда яллиғланиш ва замбуруғли хасталиклар пайдо бўлишига эътиборли бўлинг(буни сиз қизариш ва оқ карашлар орқали билиб олишингиз мумкин). Оёқларингизда ҳар қандай жароҳат аниқланганнинг биринчи кунидаёқ ўз шифокорингизга мурожаат қилинг.

Яна ўқинг:  ОРГАНИЗМНИНГ УЛКАН “ФИЛЬТРИ”

Гулмира ҲАСАНОВА,

Тошкент шаҳридаги 2-Марказий шифохонаси Эндрокринология бўлими мудири, олий тоифали шифокор

Саодат ШУКУРОВА,

олий тоифали шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: