Осуда кунлар шукронаси

Жиззах вилояти, Ғаллаорол шаҳридаги Самарқанд кўчасида умргузаронлик қилаётган Омон ота Шойзоқовнинг хонадонига кириб борганимизда сахий офтоб нури борлиқни илитаётган эди.

Юзни қоралаб қолган бу отахон ҳақида таниган-билганлардан кўп яхши сўзлар эшитгандик.

– Уринтириб қўймассизлар. Отам ҳозиргина чой ичиб, дам олишга ётган эди, – деди ёш жувон.

Шу тобда қайнотасини сийлаб, дуосини олаётган, эвазига ҳаётда рўшнолик кўраётган бу келинни мақтагимиз келди. Ҳа, ёши улуғ инсонни парваришлаб, унинг иссиқ-совуғидан хабар олиб турганлар кам бўлмайди, албатта. Бежизга, халқимиз “Қариси бор уйнинг париси бор”, дейишмайди, ахир.

Омон отанинг ёшлиги оғир йилларга тўғри келди. Бир бурда нон учун қанча-қанча азоблар чекди. Энди оила қуриб, бахтли ҳаёт кечираман деганда, машъум уруш бошланиб қолди. Польша, Сталинград, Беларусь учун бўлган жангларда жасорат кўрсатди. Фронтда оғир яраланиб, ногирон бўлди. Шунда ҳам руҳи чўкмади. Чунки, у тинчлик учун, оиласи учун жанг қилаётганини яхши англарди.

Бобо билан суҳбатлашиб, салкам бир асрлик машаққатли йиллар ҳам унинг қаддини бука олмаганидан севиндик. Мана шундай тинч-осуда, саодатли ҳаётимиз учун бутун борлиғини бахшида этган бу каби нуронийларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатаётганимиздан қалбда фахр ҳиссини туйдик.

Омон ота мустақиллигимиз шарофати билан бунёд этилган замонавий таълим масканларида илмга чанқоқ ўқувчилар билан ўтказиладиган ҳар бир учрашувда тинчлик нақадар буюк неъмат эканлиги ҳақида сўз юритишдан асло чарчамайди. У урушнинг даҳшатли йиллари ҳақида сўзлай туриб, кўзига ёш олади. Бугунги осуда ҳаётга шукроналар келтиради.

– Биз яшаган даврда мактабда ўқиш жуда оғир эди. Дафтар ўрнига қоғоз парчаларига ёзардик. Ҳар бир синфда биттагина китоб бўларди. Титилиб кетган китобни тенгдош дўстларим билан навбатма навбат ўқирдик. Бугун замон буткул бошқача. Фарзандларимизнинг усти бут, сумкаси тўла китоб. Улардан талаб қилинадигани фақат чуқур билим олиб, она Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдир. Илоҳим, элимиздан меҳр-оқибат, аҳиллик аримасин. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин, – дейди Омон ота.

Отахон ҳали ҳамон меҳнат билан машғул. Хонадонидаги дарахт кўчатлари ва гулларни парваришлайди. Маҳалла-кўйда келишмовчилик бўлиб қолса, ўзининг қимматли маслаҳатлари билан муаммони бир зумда ечишга киришади.

Яна ўқинг:  ҚИЛИЧБОЗЛИК: ЧАҚҚОНЛИК, ЗИЙРАКЛИК ВА МАТОНАТ САБОҒИ

Яқинда “Маҳалла” ва “Нуроний” жамоат фонди вакиллари ҳам бу хонадонга келиб, бободан хабар олиб кетишди.

Омон ота бу йилнинг серёғин келганидан, эртага фермерларнинг хирмони юксак бўлишидан қувонади.

– Илгарилари дастурхонда бутун нонни кўриш амримаҳол эди. Энди дўконлар тўла нон, ҳирмон тўла буғдой. Бундай бахтли ва тинч ҳаётни ҳеч замон кўрган эмасмиз. Шундай кунларга етказганига шукур. Мен ўтаётган умримдан миннатдорман, болаларим қолдирган изим, умримнинг мазмунидир, – дейди бобо.

Хотира мангу, хотира абадий, қадр эса инсонга руҳий мадад, куч-қувват бағишлайди, ҳаётига ўзгача мазмун киритади. Омон отани йўқлаб, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб, бу ҳақиқатни яна бир бор теран англадик.

 

Пардабой ТОЖИБОЕВ,

Жиззах вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: