Соғлом авлод тарбияси – келажак сармояси

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, ҳар жабҳада улкан ислоҳотларни амалга ошириш имконини берди. Бугун юртимиз шаҳару қишлоқларида амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси қалбида фахр ва ғурур туйғусини уйғотади. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз келажаги бўлмиш ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш ҳукуматимиз олдида турган долзарб масалалардан бирига айланди. Зотан, ҳар қандай давлатчиликнинг гуркираб яшнаши ва тадрижий тараққиёти, аввало, эл саломатлиги ва юрт ободлигининг таъминланишига боғлиқдир.

Тинч ва осуда яшаётган элда баркамол авлод вояга етади. Ёш авлоднинг саломатлигини таъминлаш учун аввало, бўлажак ота-оналар саломатлиги ҳақида қайғурмоқ керак. Сўнгра дунёга келган болаларнинг жисмонан соғлом, ақлан ва маънан етук бўлиб камол топиши учун қолаверса, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий саводхонликни ошириш, репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига тегишлича ёрдам бериш учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш тақозо этилади.

1993 йил 23 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинган эди. Ўтган вақт давомида жамғарма дастлаб давлат сиёсатини реал ҳаётга тадбиқ этиш борасида республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан ўрин тутадиган хайрли ташкилот сифатида эл орасида тилга олинса, кейинчалик жаҳоннинг кўпгина давлатларида ҳам нуфузи баланд ташкилотлардан бири сифатида танилди. Жам­ғарманинг Низомига кўра “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ижтимоий аҳамиятга молик тиббий, гуманитар, маданий-маърифий, ўқув-соғломлаштириш ва спорт соҳаларида кўпгина турли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жамғарма ташкил этилганига бу йил 20 йил тўлди, ана шу ўтган даврни сарҳисоб этадиган бўлсак, ижтимоий-тиббий соҳада амалга оширилган “Тиббий-ижтимоий патронаж”, “Она ва бола скрининги” тизимларини жорий этиш, “SOS – Болалар маҳаллаларини ташкил этиш” каби лойи­ҳаларимизни алоҳида тилга олсак арзийди.

Жамғарманинг таълим соҳасида ишлаб чиқилган бир қатор лойиҳалари эса жамиятимиз асосларини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳаёт даражасини оширишда устувор аҳамият касб этиши эътиборга олингани ҳолда ҳукуматимиз томонидан узоқ муддатли “режали ҳаракат дастурлари”га киритилди. Жумладан, ўсмир қизлар ва уларнинг оналарини қамраб олган “Санитария ва гигиенага оид билимларимизни оширамиз”, ёш оналар учун махсус ишлаб чиқилган “Янги туғилган чақалоқни қандай парвариш қилиш керак?”, фертиль (туғруқ) ёшидаги аёллар ва ижтимоий жиҳатдан хавф (риск) гуруҳига киритилган болалар учун “Саломатлик мактаби” каби лойиҳаларимиз давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланди. Яна “Соғлом авлод учун” хал­қаро хайрия жамғармаси томонидан ижтимоий соҳада “Туғруқхоналар ва бошқа хилдаги болалар тиббий муассаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш”, экологик жиҳатидан ноқулай шарт-шароит­ларда истиқомат қилувчи республикамиз аҳолисига хайрия ёрдамини бериш мақсадида анъанавий тарзда ҳар йили уюштириладиган “Саломатлик” поездларини ташкил этиш лойиҳаси ҳам ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Яна ўқинг:  Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган маданий дастур бўлиб ўтди

Спорт соҳасини ривожлантириш борасидаги лойиҳалар ҳақида сўз кетганида турли хил спорт ўйинларини, айниқса, аёллар ва болалар, шунингдек, ногиронлар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларнинг изчиллик билан уюштириб борилиши натижасида мамлакатимиз аҳолиси ўртасида спортга қизиқишнинг ортишига, бу соҳанинг ривожланишига жиддий туртки бўлмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси маданий-маърифий соҳада ҳам изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ушбу жамғарманинг Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳудудий бўлимлари ҳамда туман таянч масканлари томонидан амалга оширилаётган беғараз инсонпарварлик дастурлари ҳақида сўз борар экан, албатта ижтимоий жиҳатдан кўмакка муҳтож, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, ногиронлар ёки имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларга ғамхўрлик қилишга йўналтирилган лойи­ҳалар кенг кўламда бажарилаётгани хусусида тўхталиб ўтиш зарур.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг ташкил этилганига йигирма йил тўлган бўлса, ўтган йиллар давомида Германиянинг “Фриденздорф Интернейшнл”, Жанубий Кореянинг “KOFIH” – Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси, Америка Қўшма Штатларининг “Ameri Cers” каби компаниялари (шунингдек, жам­ғарма АҚШнинг “Proсter & Gamble” компанияси билан ҳам бир неча йил ҳамкорлик қилган эди. Жамғарма шу ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирликлари ҳамда “Proсter & Gamble” компанияси билан ҳамкорликда мунтазам равишда “Балоғат даври”, “Соғ тан – соғлом бола”, “Жозибадор табассум” деб номланган ўқув-соғломлаштириш машғулотларини ўтказган эди). Россия Федерацияси, Малайзия, Финляндия Республикаси, Миср Араб Республикаси, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги каби хорижий давлатларнинг инсонпарварлик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.


Биз наслимизнинг келажаги – соғлом авлод учун кураш бошладик. Шу ном билан орден таъсис этдик ва махсус халқаро жамғарма туздик. Бу бежиз эмас. Соғлом деганда биз фақатгина жисман бақувват фар­зандларимизни эмас, балки маънавий бой авлодни ҳам кўзда тутганмиз. Чунки, ҳар тарафлама соғлом авлодга эга бўлган халқни ҳеч қачон енгиб бўлмайди. Буни ҳаммамиз яхши англаб олмоғимиз шарт.

Ислом КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти (“Буюк мақсад йўлидан оғишмайлик”, 1993 йил).


“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир Давлат дастурларини амалга ошириш, мурувват, таълим, спорт, тиббиёт, халқаро ҳамкорлик йўналишидаги кенг кўламли дастурларни ҳам бажаришда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида жамғарма ва унинг вилоятлардаги филиаллари ҳамда шаҳар, туман таянч масканлари, пойтахтдаги Тиббий-ижтимоий Маркази, ҳудудлардаги “Амбуланс” тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари жамоаларининг халқ саломатлиги йўлида олиб бораётган эзгу ишларини алоҳида эътироф этишимиз зарур. Қувонарлиси, эл саломатлиги йўлидаги савобли ишга бир неча йилдан бери ҳудудлараро тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Корея Республикасининг “KOFIH” жамғармаси томонидан “Соғ­лом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасига тақдим этилган мобиль клиникаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги 69-сонли қарорига асосан фаолият юритмоқда. 2003-2013 йиллар давомида юз-жағ соҳаси ва ортопедик нуқсони бор ҳамда юрак туғма нуқсони билан туғилган жами 3381 нафар бемор болалар жам­ғарманинг халқаро ҳамкорлари ҳомийлигида операция қилинди.

Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш мақсадида туғма ва ирсий хасталикларни барвақт аниқлаш учун “Соғ­лом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида” ги 2008 йил 18 июнь ПҚ-892-сонли Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этди.

Шунингдек, “Меҳрибонлик уйлари” ва “Мурувват уйлари”нинг тарбияланувичлари ўртасида “Камалак жилоси” ва имконияти чекланган болалар ўртасида “Мафтункор ранглар дунёси” расмлар кўрик-танловларини ўтказишда ҳам жам­ғарма фаол иштирок этмоқда. Яна 2007-2011 йилларда “Соғ­лом авлод учун” жам­ғармаси Жанубий кореялик ҳамкорлари билан биргаликда “Тенг имкониятлар” деб номланган махсус лойиҳани ҳам амалга оширди. Бу лойиҳа шартларига кўра республикада истиқомат қилувчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг талаба бўлиш бахтига муяссар бўлган, аммо ўқиш учун зарур маблағга эга бўлмаган фарзандларига моддий ёрдам кўрсатилган эди.

Яна жамғарма ногиронлар ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақаларини уюштиришда ҳам катта ҳисса қўшмоқда. Бу йўлда «Спешл Олимпикс» халқаро ташкилоти билан узоқ йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда ва Паролимпия ўйинларининг мамлакатимизда юқори савияда ўтказилишида ёрдам бермоқда.

Республика Скрининг маркази ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги филиаллари томонидан ўтган йилда мамлакатимизда янги туғилган жами гўдаклар туғма гипотериоз ва фенилкетонурия касалликлари бўйича текширувдан ўтказилди. Туғма гипотериоз ва фенилкетонурия ирсий хасталиклари аниқланган бемор болалар Республика Скрининг маркази ва унинг филиаллари томонидан махсус болалар озуқаси ҳамда дори-дармонлар билан бепул таъминланмоқда. 2011 йилда жамғарма томонидан Республика Скрининг марказига тандем масс-спектрометр ускунаси мурувват ёрдами сифатида топширилган эди. Ушбу ускуна моддалар алмашинувининг ирсий бузилишларини аниқлашда соҳа ходимларига катта ёрдам бермоқда.

Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси 2012 йилда неонатал (гўдакларда) ва пренаталь (ҳомиладор аёлларда) скрининг текширувларини ўтказиш учун Республика Скрининг марказига 2407,2 АҚШ доллари миқдоридаги реагентларни инсонпарварлик ёрдами сифатида тақдим этди. “Она ва бола скрининги” Давлат дастурининг 3-бандини бажариш мақсадида аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш учун ўтган йили 32 минг нусха “Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарари”, “Шахсий гигиена”, “Скрининг нима?” каби мавзуларда буклет ва тарқатма материаллар жамғарма томонидан чоп этилди ва тиббий текширувлардан ўтган фуқароларга бепул тарқатилди.

Жамғарма ва унинг Тошкент шаҳри, вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ҳамда туман таянч масканларининг мутахассис-шифокорлари томонидан аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш мақсадида олий ўқув юртлари, коллеж, академик лицей, умумтаълим мактабларда кашандалик ва гиёҳвандлик ҳамда спиртли ичимликларнинг зарари, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг хавфи, ОИВ ва ОИТС, жинсий йўллар билан юқувчи касалликлар хусусида, соғлом оилани шакллантириш, камқонлик, йод танқислиги, болалар ҳамда фертиль ёшидаги аёллар касалликлари каби турли мавзуларда талаба ва ўқувчиларга маърузалар ўқилди. Шунингдек, пойтахтимиздаги Тиббий-ижтимоий Марказда кўп йиллардан бери фаолият юритиб келаётган “Ёш оналар мактаби” ҳам бўлажак оналарнинг тиббий саводхонлигини оширишда кўмаклашмоқда.

Республика Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Синхрон сузиш федерацияси, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бадиий Академияси ва бошқа вазирликлар ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда мунтазам равишда халқаро ва нуфузли тиббий, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиб келмоқдамиз.

Шунингдек, нафақат “Меҳрибонлик уйлари” ва “Мурувват уйлари”, балки “Гўдаклар уйлари” тарбияланувчилари ҳамда “Саховат уйлари”да яшовчи ёлғиз кексалар, “SOS – болалар маҳаллалари” тарбияланувчиларига ҳам ҳамиша “Соғлом авлод учун” жамғармаси кўмакка шай.

Бу барча эзгу саъй-ҳаракатларимиз замирида соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, интеллектуал салоҳиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш мужассамдир. Зеро, ёшлар келажак ворислари, мустақил Ўзбекистоннинг бунёдкорларидир.

Светлана ИНАМОВА,

Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Бошқаруви раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: