ИЛМ – БОҚИЙ МЕРОС

Ҳаётда шундай инсонлар борки, уларнинг ибратли ишлари, илмий-маънавий мерослари, меҳру оқибатлари инсонлар хотирасида мангу яшайди. Улардан бири техника фанлари доктори, профессор Шоҳида Абдураҳмоновани ҳам кўпчилик ҳурмат билан ёдга олади.

Бой илмий-педагогик тажрибага эга бўлган олиманинг 300 дан ортиқ илмий мақолалари, толалар кимёси ва технологиясига бағишланган ўқув қўлланмалари чоп этилган.

Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институтининг “Кимё-технология” факультетида таҳсил олаётган чоғидаёқ билимдон ва жамоатчи талаба устозларининг назарига тушди. Олийгоҳни тугатгач кафедрада ишга олиб қолинади. Мазкур институтнинг “Юқори молекуляр бирикмалар кимёси ва технологияси” кафедрасида ассисент лавозимидан профессор даражасигача эришган Шоҳида опа бу ерда ўзига хос мактаб яратди десак асло муболаға эмас. Академик Г.Кудрявцев, профессорлар В.Шаблигин, З.Гоговин каби устозларининг ўгитларига амал қилиб улардан ўрганганларини кўплаб шогирдларига ўргатди.

Тақдир оилани ҳам илмни ҳам бирдек муқаддас билган Шоҳида опадан ўз синовларини аямади. Илмий изланишлар олиб бораётган бир пайтда 10 ёшли фарзанди тўсатдан вафот этади. Она учун ўз жигарини йўқотишдан оғирроқ дард бўлмаса керак. Аммо Шоҳида опа бу дардни енгишга ўзида куч топиб бутун диққат-эътиборини оиласи, фарзандлари тарбияси, севган касби ва илмга бахшида этди. Зеро, устознинг ҳаёт аталмиш кураш майдонида тобланган иродаси жуда мустаҳкам эди. Илмда шунча муваффақиятларга эришган Шоҳида опа аввало меҳрибон она, сариштали уй бекаси эканлигини асло ёдидан чиқармас эди. Эндигина илмга кириб келаётган биз ёшларга ҳам буни алоҳида уқтирарди.

Онадек меҳрибон устозимиз ҳамиша халқимиз “илмни игна билан қудуқ қазиш”га қиёслайди. Бу жуда мураккаб йўл, аммо биз аёллар учун оила муҳимроқдир. Илмий даража ва унвонларга оилани сақлаган ҳолда эришиш энг катта бахтдир,– дер эди. Номзодлик ишимни муҳокамаси давомида ўз фанининг фидойиси бўлган бу инсон билан учрашганим ҳамон ёдимда. Шоҳида опанинг муомала маданияти, ёшларга бўлган эътиборидан кўнглим тоғдек кўтарилган эди. Расмий ҳакам сифатида диссертация ишим билан танишгач, менга иш юзасидан бир неча саволлари борлигини айтди. Устознинг салобати босиб ҳаяжонланиб кетдим. Шошиб қолганимни кўрган Шоҳида опа мени чалғитиш учун: “Қизим, турмушга чиққанмисиз?”,– деб сўраб қолди. Сўнгра оилам, фарзандларим ҳақида сўраб ўртадаги ноқулай вазиятни бартараф этди. Ўзимни эркин ҳис қила бошлаганимдан сўнг илмий ишимга оид саволларни беришни давом эттирди. Ўша куни Шоҳида опага бўлган ҳурматим минг чондон ошиб хонасидан шодланиб чиқарканман устознинг нафақат кимё илмини билимдони, балки халқ табобати сирларидан ҳам хабардор эканликларига амин бўлдим.

Яна ўқинг:  “Юлдузча”нинг эртаси порлоқ(ми?)

Орадан йиллар ўтди. Бизнинг самимий, илиқ муносабатимиз олима ҳаётининг сўнггигача давом этди. Устоз бугун орамизда йўқ, аммо унинг бошлаб берган илм йўлини сафдошлари, шогирдлари давом эттирмоқда. Бир сўз билан айтганда ўзбек олимаси Шоҳида Абдураҳмонованинг қолдирган илмий мероси илм-фан ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилган.

Ноира ВОҲИДОВА,

кимё фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: