Инновацион ғоя ва технология илм-фан тараққиётининг асоси

Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган ярмарка корхоналар, илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни  пойтахтимизда ташкил этилган X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси мисолида кўриш мумкин.

Бу йилги ярмаркада анъанавий беш йўналиш – саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, ахборот технологиялари ва фан-таълим соҳалари учун 500 дан ортиқ инновацион ғоя, технология ва лойиҳа намойиш этилаётир.

Ҳозирга қадар ўтказилган ярмаркалар доирасида 4 минг 200 га яқин инновацион ғоя ва технология намойиш этилиб, умумий ҳажми 144 миллиард 100 миллион сўм бўлган 4 мингдан ортиқ шартнома имзоланган. Натижада қарийб 2 триллион 200 миллиард сўмга яқин 62 номдаги янги серияли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, 59 шартнома доирасида маҳсулотларнинг тажриба-синов ва саноат намуналари юзага келди. Шу билан бирга, юзлаб корхона, фермер хўжалиги ва тадбиркорлик субъектларига илмий ва амалий хизматлар кўрсатилмокда.

X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Улар ўз илмий ва амалий ишланмаларини намойиш этиши учун кенг имкониятлар яратилган. Ярмаркада ёш олим ва талабалар яратган 100 дан ортиқ ишланма намойиш этилмоқда.

Ярмарка доирасида III Тошкент халқаро инновацион форумини ўтказиш мўлжалланган. Унда Германия, Болгария, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Россия каби давлатлар, Жаҳон банки, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассислари ва экспертларининг иштироки кутилмоқда. Форумнинг асосий мақсади дунёда инновация тизимларининг ривожланиш тенденциялари, инновация фаолиятининг ривожланиш ҳолати, муаммолари ва истиқболларини таҳлил қилиш, миллий инновация тизимини шакллантиришда турли омилларнинг ўрнини аниқлаш ҳамда Ўзбекистонни инновацион фаоллиги юқори бўлган ҳудудга айлантиришга кўмаклашишдан иборат.

X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида таклиф этилаётган илмий ишланмалар бугунги давр нуқтаи назаридан долзарблиги ва қамровининг кенглиги, аҳоли, ишлаб чиқариш корхоналари эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрлангани билан ажралиб турибди. Унда фермер хўжаликлари, саноат корхоналари ва ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан технология ва ишланмалар муаллифлари ўртасида шартномалар имзоланмоқда.

 

 Наврўз НОРБОБОЕВ

Яна ўқинг:  90 нафар одам овқатдан заҳарланди: беморларнинг аҳволи қандай?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: