Тез тиббий ёрдам хизмати такомиллашмоқда

Фарғона вилояти туман ва шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимларига “Damas” русумли  20  та замонавий тез тиббий  ёрдам автомобили топширилди.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда юксак самаралар бермоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида чекка ҳудудлардаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, босқичма-босқич замонавий тез тиббий ёрдам автомобиллари билан таъминланаётир.

– Инсон саломатлигини асраш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада юксалтириш муҳим вазифалардандир, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров. – Албатта, бунда моддий-техник базанинг мустаҳкамлиги алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур тез тиббий ёрдам автомобиллари аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган талабини қондириш, тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

Фарғона туманидаги Чимён тез тиббий ёрдам бўлими “Миндон” шохобчаси ҳам ана шундай замонавий автомобилга эга бўлди. Шу куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари мазкур қишлоқда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдукарим ота Абдураҳимов хонадонида бўлиб, унинг ҳолидан хабар олишди ва ногиронлик аравачасини топширишди.

 

 М.СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  ЯНА ТЎРТ ИШТИРОКЧИ МАЪЛУМ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: