Қуввати гўштдай кучли
Оқсилга бой ясмиқнинг “ажойиботлари”
Ясмиқ(чечевица) – дуккаклилар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик бўлиб, Марказий Осиё ва кўпгина Европа мамлакатларида қадимдан маълуму машҳур. Араблар ясмиққа “фақирлар учун гўшт” деб ном беришган.
Ясмиқ таркибида кўп миқдорда организмга тез сингадиган ўсимлик оқсили мавжуд. Бошқа дуккаклиларга қараганда ясмиқ таркибида олтингугурт аминокислоталари нисбатан камроқ учрайди. Унда мой миқдори нўхатга қараганда оз, аммо темир ва фолий кислотаси мўл. Ясмиқ таркибидаги эрувчан клетчатка овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Бу маҳсулотдан тайёрланган бўтқани мунтазам истеъмол қилиш организмда модда алмашинувини яхшилайди, иммунитетни кўтаради.
Ясмиқ дони фойдали микроэлементлар – кальций, калий, фосфор, темирнинг кони. Шунингдек, дон таркибида марганец, мис, молибден, бор, йод, кобальт, рух, “омега-3”, “омега-6” сингари мой кислоталари мавжуд.
Қолаверса, бу дуккакли маҳсулот В гуруҳидаги дармондорилар, РР, А, С витаминига бой. Ўз озуқавий қиймати билан ясмиқ нон, ёрма ва ҳатто, маълум маънода гўшт ўрнини ҳам боса олади. Бошқа дуккаклилар каби ясмиқда ҳам магний талайгина. Бу модда эса юрак ва асаб тизимининг меъёрда фаолият юритиши учун зарур ҳисобланади. Шунингдек, унда триптофан моддаси ҳам мавжуд бўлиб, мазкур аминокислота одам организмига тушгач “бахт гормони” деб аталувчи серотонин моддасига айланади.
Мутахассислар диабетга чалинганлар учун қондаги қанд миқдорини камайтириш учун ясмиқ истеъмол қилишни тавсия этишади. Шунингдек, ундан тайёрланган бўтқа меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси, колит(қабзият)ни даволашда ҳам тавсия этилади. Хитойлик табиблар ясмиқ қиздирувчи мижозли маҳсулотлар сирасига киради, дейишади. Шунинг учун ундан тайёрланган таомлар совуқ кунларда шифобахш ҳисобланади.
Ушбу маҳсулотнинг фойдали жиҳатлари билан бирга зарарли томонлари ҳам борлигини унутмаслик лозим. Масалан, подагра, геморрой(бавосил), диатез(чилла яра), таносил аъзолари хасталикларига чалинганлар, буйрак хасталиги билан оғриганлар учун ясмиқ тавсия этилмайди.
Васила ПЎЛАТОВА
Тайёрлади