Сув полоси

Футбол, волейбол, гандбол  каби жамоавий спорт турлари қатори сув полоси ҳам ўзига хос қоидалари, саломатлик учун фойдали жиҳатлари билан алоҳида ажралиб туради. Тарихга назар солсак, ушбу спорт тури ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Буюк Британияда Уильям Уильсон томонидан  ихтиро қилинган. Мазкур спорт тури 1900 йилда илк бор Олимпия ўйинлари таркибига киритилган.  Бошқа жамоавий спорт турларидан сув полоси жароҳат олиш эҳтимолининг камлиги, ўйинчиларнинг бир қатор жисмоний қобилиятларини ривожлантириши ҳамда саломатлигини мутаҳкамлаши билан ажралиб туради.  

Акбар СОДИҚОВ, терма жамоа мураббийи:

Сув полоси ўзига хос жисмоний машқларнинг йиғиндисидир. Сувда фаол ҳаракатланиш жараёнида унинг гигиеник ҳамда соғломлаштирувчи хусусиятлари намоён бўлади. Мазкур спорт турининг талабларига биноан сузишнинг бир неча усулларини мактаб ёшидаги болалар қисқа фурсатда ўрганадилар. Бу ёшдаги болаларнинг мушак ва бўғимлари эгилувчан, ҳаракатчан бўлиши сув полоси қоидаларини қисқа вақт оралиғида ўзлаштириб олиш  ва тажриба ошириш учун қулай имконият яратади. Ўн ёшдан кейин аста-секин мушакларнинг кучи ортиб, уларнинг мустаҳкамлиги ҳам ошади. Шу билан бирга бу ёшдаги болалар мушакларининг тезда чарчаши, қайта тикланиш вақти оз бўлиши, мушакларнинг ривожланиш ва ўсиши ҳар хил бўлиши кузатилади. Мазкур хусусият машғулотларда чарчаган ўйинчилар бироз дам олгандан сўнг тезда кучга тўлишига ёрдам беради. Юқорида санаб ўтилган   жисмоний ҳамда физиологик омиллар сув полоси билан мунтазам машқ қилган  бошланғич мактаб ўқувчиларининг чаққонлик, чидамлилик, тезкорлик хусусиятлари ривожланишига туртки бўлади. Умуман олганда, аёллар ҳамда эркаклар жамоасининг қоидалари бир хил бўлиб, у билан шуғулланиш ёш танламайди.

Савринисо ҲАКИМОВА, педиатр:

 Ўсиш ва ривожланиш жараёнидаги бола организмининг юрак-қон томир ҳамда нафас олиш тизимларининг жисмоний юклама кўтариш имкониятлари ўзгариб боради. Бу кўрсаткичлар жисмоний машқлар, айниқса, сув полоси билан машқ қилганда намоён бўлади. Бу пайтда юрак катталарникига  нисбатан тез-тез қисқаради. Сув полоси билан машқ қилиш юрак мушакларини бақувват қилади. Бу эса юрак қисқаришлари оралиқларининг камайишида кузатилади. Ота-оналар шиддат билан ўсаётган фарзандларида бу ёшдаги организм физиологиясига кўра баъзан аритмиянинг кузатилиши, кўпинча қон босимининг паст эканлигидан ҳавотир олмасликлари зарур. Сув полоси билан машқ қилиш асносида юрак-қон томир тизими фаолияти мустаҳкамланади. Одатда бу ёшдаги болалар тез-тез шамоллашлари мумкин. Мазкур спорт тури билан мунтазам машқ қилиш нафас олиш тизимига ҳам ижобий таъсир қилиб, организм чиниқади. Сузиш жараёни  болаларнинг нафас олиш тизими мушаклари фаолиятига, ўпканинг кенглигига ижобий таъсир қилади. Сув полоси билан шуғулланиш жараёнида болалар  нафас олиш, юрак-қон томир ҳамда асаб тизимлари  фаолиятига ижобий таъсир қилувчи тўғри нафас олиш қоидаларини ҳам ўзлаштирадилар. Мазкур спорт тури асабий болаларга ниҳоятда фойдали. Сувнинг ҳарорати, бир турдаги ҳаракатлар асабни тинчлантириб, бола яхши ухалаши таъминлайди. Машғулотларда қўл-оёқ мушакларига юклама берилиши суякларнинг ўсиш жараёнини тезлаштиради.

Яна ўқинг:  ЮРТИМИЗДА ТИШ ПРОТЕЗЛАРИНИНГ МАҲАЛЛИЙ АНДОЗАСИ ТАЙЁРЛАНАДИ

 

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: