Онлайн ижодий учрашув

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқотда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахтимиздаги мактабларда таҳсил олаётган ўқувчилар, адабиёт фани ўқитувчилари ҳамда АРМ ходимлари қатнашди. Республика болалар кутубхонаси ташаббуси билан ўтказилган тадбир адабиётга ихлосманд ўғил-қизларда катта қизиқиш уйғотди.

– Шеърларини севиб ўқиб, ёд олиб юрадиганим, истеъдодли шоир Иқбол Мирзо билан мулоқот бўлишини эшитиб, ўқитувчимизга эргашдим. Шоирнинг машҳур шеърларини унинг ўзидан эшитиш ҳамда саволларимизга жавоб олиш ҳам мароқли, ҳам ҳаяжонли, – дейди пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 28-мактаб ўқувчиси Ситора Тўхтамуродова. – Келиб кўрдимки, юртимизнинг турли ҳудудларида мен каби мухлислар кўп экан. Айниқса, вилоятлардаги тенгдошларимнинг адабиёт, шеърият борасида билдирган фикрлари, шоирга бераётган саволлари менда катта таассурот қолдирди. Ҳали мактабнинг қуйи синфида ўқишига қарамай, худди катталардек фикр юритаётган ука-сингилларимни тинглаб ҳавасим келди.

Шоирнинг шеърлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Китоб инсонни юксалтириши, мутолаа кўнгилни тарбиялаши ҳақидаги фикрлар барчага манзур бўлди.

Шунингдек, мулоқотда таниқли ёзувчи Муҳаммад Шариф ва “Эркатой” журнали бош муҳаррири Нодирбек Юсупов иштирок этди. Тадбир доирасида Иқбол Мирзонинг болаларга атаб ёзилган шеърлари жамланган “Эркатой эркатойлар” номли китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

 

Дилмурод ДЎСТБЕКОВ

Яна ўқинг:  ОСОЙИШТАЛИК ТУРМУШ ТАРЗИМИЗ АСОСИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: