Ўқитувчиликдан – тренерликка

Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида француз тили ўқитувчилари учун “Ўқитувчиликдан – тренерликка” деб номланган семинар ташкил этилди.

Халқ таълими вазирлиги ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур семинарда француз тилини ўқитишда интерфаол усуллардан унумли фойдаланиш, қўшимча манбалар билан ишлаш, тажрибаларни амалда қўллаш, грамматикани ўрганиш ва ўргатиш йўллари хусусида машғулотлар олиб борилди. 20 соатлик малака ошириш машғулотларини франциялик мутахассис Элоди Рессуш олиб борди.

Айтиш жоиз, Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида чет тилларни ўқитиш механизми тубдан ўзгарди. Рангли-безакли чет тили дарсликлари яратилгани, дарслар қизиқарли ўйин ва энг илғор методлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди. Бу жараёнда касбий кўникмаси юқори, малакали ўқитувчиларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Шу йилнинг 4 – 7 апрель кунлари ташкил этилган мазкур семинар ушбу қарор ижросини таъминлаш, пировардида маҳоратли ўқитувчи-тренерларни тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

– Республикамиз таълим муассасаларидаги француз тили ўқитувчиларини таълим янгиликларидан хабардор этиб бориш, ўқитишнинг энг илғор метод ва усулларини улар фаолиятига татбиқ этиш бугунги кун талабидир. Бунинг учун жойлардаги илғор амалиётчи-ўқитувчиларни танлаб олиб, уларнинг касбий маҳоратини ошириб бориш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз, – дейди Халқ таълими вазирлиги Таълим стандартларини такомиллаштириш ва илғор педагогик технологияларни жорий этиш бўлими бошлиғи Абдураҳим Носиров. – “Ўқитувчиликдан – тренерликка” семинари шундай лойиµалардан бўлиб, француз тили ўқитувчиларини тренерликка тайёрлашга қаратилган. Ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 50 нафар илғор ўқитувчини саралаб, икки йил давомида ҳар олти ойда семинар ташкил қилган ҳолда уларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириб келмоқдамиз. Келгусида улар ўзлаштирган малака, кўникма ва маҳоратларини ўз ҳудудларидаги таянч мактабларда ташкил этиладиган ўқувларда ҳамкасблари билан ўртоқлашадилар.

Семинар сўнгида тренер-ўқитувчиларга махсус сертификатлар топширилди.

 

Халқ таълими вазирлиги

Ахборот хизмати

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ – ЁШЛАР ҚЎЛИДА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: