Тиббий ва ижтимоий муҳофаза Қонун ҳимоясида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси “Силнинг олдини олиш ва уни даволашга доир қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди ва юқори палатага жўнатди..

Ушбу Қонун Вазирлар Маҳкамасининг 5 март 2011 йили чоп этилган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллигини камайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги” Қарорида белгиланган устувор вазифаларни амалиётга жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Қонуннинг мақсади, касалликнинг олдини олишдаги аҳамияти хусусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ҳафиза ­Каримова билан суҳбатлашдик.

– Ўзбекистон Республикасида ҳозирги вақтда сил касаллиги бўйича эпидемиологик кўрсаткичлари Марказий Осиё ва Россия давлатларидагига нисбатан 1,5 марта кам. Шундай бўлсада, сил касаллиги бўйича эпидемиологик ҳолат ўзининг кескинлигини сақлаб турибди ва сил касаллигига қарши хизматнинг олдида ечимини талаб қилувчи бир қатор муаммолар мавжуд…

– Тўғри. Муаммолар ечимига мамлакатимизда алоҳида эътибор бериляпти. Ўзбекистон Республикасида 2010-2015 йилларда сил касаллигига қарши курашиш дастури ишлаб чиқилган. Унда белгиланган асосий мақсадлардан бири ҳуқуқий-меъёрий асосларни такомиллаштириш, шунингдек, сил касаллиги билан касалланган беморлар ва тиббиёт ходимларининг ҳуқуқлари ва қизиқишларини муҳофаза қилишга йўналтириш, силга қарши курашиш соҳасида иш фаолиятини олиб борадиган давлат ва хорижий ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш ишларини таъминлашдир.

“Силнинг олдини олиш ва уни даволашга доир қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни тиббий ва ижтимоий муаммолар ечимига ва ҳуқуқий механизмларнинг такомиллаштирилишига муносиб ҳисса қўшади.

– Жаҳон бўйича сил касаллиги жиддий тиббий ва ижтимоий муаммолардан бўлганлиги сабабли сил билан касалланиш ва унинг оқибатида ўлим кўрсатгичи кенг кўламда ўсишига ва унинг структураси ёмонлашувига ноқулай ижтимоий-иқтисодий, экологик ва демографик омиллар, миграция жараёнлари, ҳамда ОИВ инфекцияли шахслар контингентининг кўпайиши ўзининг салбий таъсирини кўрсатяпти…

– Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотига кўра, 2009 йил жаҳонда 9,4. миллион сил касаллиги янгидан аниқланган. Ундан 1,6 миллионида ўлим ҳолати қайд қилинганлиги, бу борада олиб борилаётган фаолиятнинг таъсирчанлигини янада ошириш зарурлигини исботлайди.

Яна ўқинг:  Арт терапия ва унинг шахс ривожидаги ўрни

– Ушбу қонун асосида қайси ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар киритилди ва уларнинг мақсад-муддаоси изоҳласангиз.

– Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Таъкидлаш жоизки, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун чиққанидан бери 10 йилдан ортиқ вақт ўтди ва сил касаллигининг эпидемиологияси ҳамда клиник кўринишларида кескин ўзгаришлар намоён бўлди. Масалан, сил касаллиги таёқчасининг силга қарши дориларга турғунлиги кўп давлатларда, шу қаторда бизнинг республикада ҳам жиддий хавф туғдирди. Бундай беморларда даволаш самарадорлиги анча паст бўлаяпти. Сил таёқчасининг дориларга турғунлигининг кўп учраётгани бевосита ОИВ инфекцияси тарқалиши билан ҳам боғлиқдир.

Шунингдек, ўтказилган текширишлар шуни кўрсатадики, биринчи марта аниқланган беморлар орасида атайин ўзбошимча даволанишни тўхтатиб қўйганлар мавжуд. Юқумли сил турлари билан касалланган беморларнинг 12 фоизини даволанишни охирига етказмаганлар ташкил этган. Шунинг­дек, тарғибот-ташвиқотга қарамасдан бу беморларнинг кўпчилиги даволанишдан қатъиян бош тортган. Республика ДОТС маркази ҳисоботи бўйича, фақат 2009 йилда биринчи марта сил касаллиги аниқланган беморлар ичида ҳар хил сабабларга кўра даволанишни тўхтатиб қўйганлар 1142 нафарни ташкил этган.

Ўз навбатида бу беморлар катта эпидемиологик хавфни туғдириши аниқ, чунки, улар атрофдаги одамларга сил касаллигини юқтирадилар.

Дориларга турғун бўлган сил касаллиги билан касалланган шахсларни даволаш анча мушкул, унинг ҳам моддий ҳам маънавий қийинчиликлари мавжуд. Буларнинг ҳаммасини давлатимиз ўз зиммасига олаяпти. Шунга қарамасдан барибир даволанишни хоҳламайдиганлар бор.

– Маълумки, ҳар бир қонун миллий, халқаро меъёрларга ва стандартларга мувофиқ бўлиши талаб этилади. Бу борада халқаро тажриба ўрганилдими?

Ҳа, албатта, бу борада Россия, Беларусь, Озарбайжон каби давлатларнинг тажрибаси ўрганилди. У давлатларнинг қонунчилигида сил бўйича санитар-эпидемик режимни бузувчи ёки қасддан текширишдан ва даволанишдан бош тортувчи, силнинг юқумли шакли бўлган беморлар суднинг қарорига асосан ихтисослашган силга қарши муассасага мажбурий тарз­да даволаниш учун жойлаштирилади.

Демак, хулоса қилиб айтиш мумкинки, айнан сил касаллигига қарши стационарда мажбурий тарзда даволанаётган беморларнинг хуқуқларини тартибга солувчи нормаларни киритиш ва такомиллаштириш масаласи долзарб вазифа эканлигини давр тақозо этмоқда.

Яна ўқинг:  Табиатга имкон беринг!

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши сил касаллиги бўйича эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланишини, ҳамда силга қарши кураш самарадорлиги даражасини янада оширилишини таъминлаш билан бирга мамлакатимиз аҳолисини тиббий ва ижтимоий ҳимоясига, соғлом турмуш тарзининг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга замин яратади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатдош: Раъно ЗАРИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: