Кўҳна мерос

Кейинги пайтларда сўзана ва кашталарда меҳмонхоналарда, умумий овқатланиш шохобчаларида миллийлигимизни акс эттирувчи безак ўрнида ишлатилмоқда. Бу эса кашта ва каштали буюмларга халқимиз орасида яна эътибор ортаётганидан далолат.

Шу билан бирга ироқи, бигиз усулида тикилган ишлар чет эллик сайёҳларнинг ҳам эътиборини қозанаётир.

Каштадўзлик – аждодларимиз қадимдан шуғулланган миллий ҳунарларимиздан бири. Аҳамиятлиси, бугунги авлод ҳам ушбу ҳунарни муносиб давом эттириб келмоқда. Каштадўзлик ортидан элда ҳурмат қозонаётган, даромад орттираётган юртдошларимиз сўзларига қулоқ тутсангиз, момомерос анъаналарни эъзозлаб, кам бўлмаганликларини айтишади. Улардан бири шаҳрисабзлик Саодат Низомовадир.

– Меҳнатим ортидан қадр топдим, дунё кездим, – дейди Саодат опа. – Хорижда ўтказилаётган кўргазмаларда Ўзбекистон номидан қатнашиш мен учун катта шараф. Италия ва Туркиядаги анжуманда анъанавий миллий кашталаримизни намойиш этганимизда айнан ироқи, бигиз услубида тикилган кашталар хорижликларда катта қизиқиш уйғотди. Қўл меҳнатимизни юксак қадрлаганларини кўриб, хурсанд бўлдим. Ҳозир миллий услубимизга замонавий уйғунлик бериш йўлида изланаяпман.

Саодат Низомованинг ишларини кузатар эканман, уларда Шаҳрисабз ироқи каштачилигининг ўзига хос, ёрқин ва шарқона нафис услуби мужассамлигига гувоҳ бўламан. Унинг таъкидлашича, Шаҳрисабзга хос ироқининг офтобпараст, чаённусха каби турларини тикиш айниқса, кенг тарқалган экан.

– 12 йилдан буён шу ҳунар билан шуғулланиб келаман. Каштали сўзана, дўппи, сумка ва бошқа буюмлар тикаман. Ҳунаримни қизлар, ёш келинларга ўргатишни йўлга қўйдим. Шу кунгача 100 дан зиёд шогирдлар етиштирдим. Ҳозирда эса 10 нафар қизга ироқи, бигиз, босма, попоп усулларида кашта тикишни ўргатаяпман. Кашта тикиш – майда иш, кўп меҳнат талаб этади, дейишади баъзилар. Аммо, ўз меҳнатингиз маҳсулини қаршингизда ёйиб, бир томоша қилсангиз, бор чарчоғингиз чиқиб кетади, – дейди ҳунарманд.

Кашталарга туширилган нақшлар эътиборимни тортди. Саодат опадан бу ҳақда қизиқсиниб сўраганимда у қуйидагича таъриф берди:

“Кашта марказидаги катта гул оилани, атрофидаги чирмашган безаклар – оиланинг ҳамжиҳатлиги, тотувлигини, майда гулчалар эса халқимизнинг болажон эканлигини англатади. Қалампир, анор нусхалар ҳам ўзига хос маъно-мазмунни ифодалайди”.

Бундан кўринадики, оила ҳамма замонларда ҳам муқаддас маскан сифатида ардоқланиши момоларимиз томонидан тикилган кашталарда ҳам ўз тажассумини топган.

Яна ўқинг:  SPORT – BARKAMOLLIK ASOSI

– Саодат опага ўхшаган қўли гул аёлларга ҳавас қиламан, – дейди каштадўзнинг навоийлик шогирди Марғуба Бобоназарова. – Насиб бўлса, бу ҳунарни пухта ўрганиб, Саодат опа каби ўз ишининг устаси бўламан.

Шаҳрисабз ҳунармандлари тикаётган бежирим, гўзал кашта буюмлари, сўзаналарни вилоятимизнинг барча жойларида учратиш мумкин. Айниқса, улар келинлар сепига кўрк бағишлайди. Табиий ипакдан тикилганлари эса юз йилгача ўз сифатини йўқотмайди.

Қалб қўри ва кўз нури билан яралган кашталарга боқаман. Уларнинг жилокор ранги кўзни қувнатиб, дилни яйратаверади. Шунда момомерос кўҳна касбни улуғлаб, шундай мўъжиза яратаётган Саодат Низомова каби чевар каштадўзлар маҳоратига таҳсинлар айтаман.

 

Сожида АЛЛАЁРОВА,

Қашқадарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: