Сурхонда бодом гуллади
Шу хабарни эшитдиму, сиздан суюнчи олай дедим. Юртимизга яна кўклам келди. Келибоқ воҳани ясатишга киришди…
Сурхондарёнинг баҳори ҳам, Наврўзи ҳам ўзгача, такрорланмас ва жозибали. Яшариш айёмида Сурхонга йўлингиз тушса, воҳанинг мафтункор табиатидан бир яйрасангиз, танти халқининг асрлар давомида асраб-авайлаб, авлоддан-авлодга етказиб келаётган миллий қадриятлари, анъана, урф-одат ва маросимлари хилма-хилгидан завқланасиз.
Сурхонликлар Наврўз сайлини кенг қир-адирларда, мафтункор табиат қўйнида ўтказишни яхши кўради. Ҳатто, ҳар бир қишлоқ, маҳалланинг байрамни ўтказадиган ўз тепалиги, қир-адирлари бор. Айниқса, вилоятнинг Бойсун, Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё каби туманларида бу одат жуда урф бўлган. Байрамдан олдин қишлоқ, маҳалла фаоллари бош-қошлигида сайл ўтказиладиган адир ёки тепаликда ободончилик ишлари олиб борилади. Ташкилий ишлар тақсимланади. Пазанда онахонлар баҳор таоми сумалак учун буғдой ундиради.
Ниҳоят, Наврўз куни ҳам етиб келади. Эрта тонгданоқ қишлоқ аҳли адирга ошиқади. Борибоқ ҳаракатга тушиб кетади. Бир муддат ўтгандан сўнг ер ўчоқлар тафтида дошқозонлардаги сумалак биқир-биқир қайнаб турган бўлса, яна бир томонда ўтовлар тузилиб, унинг ичига кашта-ю сўзаналар, зардевор-у қуроқчалар осилган, ташқарисига миллий ҳунармандлик намуналари кўргазмалари қўйилган бўлади. Истаган киши ўтовга кириб уларни томоша қилиши, ҳатто бу намуналарни яратган ҳунармандга шогирд тушиши мумкин.
Жануб халқи айниқса, миллий куй ва қўшиқларга ошуфтадил, фольклорга чинакамига ихлос қўйган. “Яққу-яққу”, “Майда-майда”, “Кавушим”, “Суст хотин” каби халқ қўшиқлари уларнинг жисму-жонига, руҳига сингиб кетган гўё. Наврўз байрами буларсиз татимаслиги шундан. Фольклор дасталар, бахшилар, ҳаваскор хонандалар, қўйингки мактабдаги куй-қўшиқ тўгарагига қатнаб юрган ўғил-қизлар ҳам маҳоратини кўрсатади бунда. Жўшқин қўшиқлар оҳангига рақс тушаётган қишлоқ йигит-қизлари, улар кўзидаги ёшлик жилваларини кўриб, даврага қўшилиб кетганингизни билмай қоласиз. Дўмбира садолари, чанқовуз наволаридан маст бўласиз. Таралаётган тантана оҳанглари қир-адирни тутиб кетади. Унга жўр бўлган шабада кенгликлар сари парвоз этиб, баҳор мадҳини, Наврўз ялласини бутун оламга таратади гўё.
Наврўз сайли кўпкари-ю, курашсиз ўтмайди. Томирларда оқаётган қонни қиздириб, руҳни кўтарадиган миллий спорт турларига ҳавасманд бўлган қишлоқ одамлари кўпкари ва курашда ўз омадларини синаб кўради. От чоптираётган эр йигитларга омад тилаётган шинавандаларнинг ҳайқириқлари оламни тутиб кетади. Кураги ерга тегмаган полвонларнинг ғалабасидан илҳомланган йигитлар қалбидаги қувончни ҳеч нарса билан тенглаб бўлмайди.
Байрамда ҳаммадан ҳам болалар кўпроқ яйрайди. Улар учун “Беш тош”, “Оқ теракми, кўк терак?”, “Чиллак”, “Ланка”, “Варрак учириш” каби ўйинлар уюштирилади. Бунга мактаб фаоллари бош-қош бўлади. Мактаблар ўртасида беллашувлар ташкил қилинади. Жамоанинг ғолиблиги ундаги аъзоларнинг иқтидори билан биргаликда тайёрланган миллий таомлар, ҳунармандлик намуналари хилма-хиллиги билан ҳам белгиланади.
Сурхон воҳасида Наврўз шодиёналари ана шундай, миллий қадриятлар ва давр нафаси билан йўғрилган тарзда, ўзгача бир тантанаворликда, кўтаринки кайфиятда ўтказилади.
Яна бир гап. Сурхонликларнинг баҳорий байрамларни кенг қир-адирликларда ўтказишида бир ҳикмат бордек. Ҳикматки, Наврўз она табиатнинг инсониятга туҳфа қилган чинакам янгиланиш, покланиш айёмидир. Инсон қутлуғ кунни унинг бағрида қарши олиши баробарида ўзини жисман, руҳан поклайди, атрофини ўраб турган бутун олам гўзаллигидан баҳра олади, шодланади, завқланади, илҳомланади ва кириб келган янги йил остонасига соф орзулар билан қадам ташлайди.
Малоҳат Ҳусанова,
ЎзА