Опа-сингил шахматчилар ғолиб

Бугун пойтахтлик опа-сингил Сарвиноз ва Фарангиз Қиличевалар учун муҳим кун бўлди. Улар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган “Камолот” шахмат тахтаси” турнирининг Олмазор тумани босқичида ўз ёш тоифалари бўйича ғолиб бўлди.

Сарвиноз ва Фарангиз шахмат билан мунтазам шуғулланиб, маҳоратини ошириб келмоқда. Ўн тўрт ёшли Сарвиноз уч марта мамлакатимиз чемпиони бўлган. Ўн ёшли Фарангиз бир маротаба Ўзбекистон чемпионатининг олтин медали билан тақдирланган.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида спортнинг шахмат турини янада оммалаштириш мақсадида ташкил этилган “Камолот” шахмат тахтаси” турнирининг Олмазор тумани босқичида юздан ортиқ ўғил-қиз 8, 12, 14, 16 ва 19 ёш тоифаларида дона сурди.

Рафиқ Усмонов, Абдумалик Саидниёзов, Олим Пўлатов, Ботир Абдураҳимов, Фотиҳ Абдуҳолиқов, Мубина Рашидова, Фарангиз Қиличева, Ҳабиба Қозиева, Сарвиноз Қиличева, Малика Маннопова ўз ёш тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади.

– “Камолот” шахмат тахтаси” мусобақасида тўртинчи маротаба иштирок этмоқдаман, – дейди Сарвиноз. – Ўтган уч мусобақада олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритганман. Жорий йилги мусобақада ҳам ғалаба қозонганимдан хурсандман.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари турнирнинг Тошкент шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  Скрининг текширувлари орқали аниқлаб бўлмайдиган ортопедик касалликлар қандай даволанади?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: