Ҳийла
(ҳаётий ҳикоя)
Танаси сарғиш-малла, думининг пастки томони ва учи оқ рангдаги тоғ тулкиси асосан тунда дала кезади. Қиш ойлари кундузи ҳам фаол бўлиб, баъзан қишлоқ оралаб товуқларга ҳамла қилиб туради.
Гоҳо кўкиш ва қизғиш рангдаги тулкиларни ҳам учратиш мумкин. Уларнинг озуқаси жайра, юмронқозиқ, қўшоёқ, сичқон каби майда сут эмизувчилар бўлиб, боғ оралаганда пишиб етилган меваларни ҳам “паққос” туширади.
Қобил бобонинг ҳовлиси тоғ этагида жойлашган. Боғида турли мевали дарахтлар ғарқ ҳосилга кирган палла. Тоғ тулкилари тез-тез бу ерга келиб, пишган узум, ерга тўкилган олма, нок ва олчаларни еб кетишарди. Бобо улар келадиган йўлга қопқон қўйиб кўрди. Лекин тунги “меҳмон”лар уни четлаб, эски одатларини канда қилмасдилар. Боғбон бундан ғазаблансада, милтиғи ва този ити йўқлигидан тулкиларга қарши ҳеч бир иш қилолмас ва текинхўр йиртқичлар олдида ожизлигидан афсусланар эди.
Етмиш ёшни қоралаб қолган Қобил бобо ўйлай-ўйлаб охири бир тўхтамга келади. У баланд тепаликдан жой танлаб, ҳафсала билан чайла тиклашга ҳозирлик кўра бошлади. Невараси Дилшод ҳам қараб турмасдан қуриган дарахт шох-шаббаларини ташишда бобосига кўмаклашди. “Ҳаш-паш” дегунча қўлбола чайла тайёр бўлди. Тепаликдан тўрт тараф яққол кўриниб турарди. Боғбон хўрак солинган бир нечта кадини тулкилар йўлига қўйиб чиқди.
Сокин тун. Тўлин ой секин кўтарилиб, атрофга ёғдусини сочар, сўлим гўша узра сой бўйидаги анҳорнинг шарқираб оқишигина сукунатни бузиб турарди. Тун яримлаганда боғ томон секин ҳаракатланаётган бир неча шарпалар кўзга ташланиб қолди. Боғбон чайла ичида тик турган кўйи бутун вужуди қулоққа айланди. Тунги “меҳмон”ларнинг узун думлари ерга судралиб, нафис юришларидан тоғ тулкилари эканлигини билиш қийин эмасди. Дилшод эса жим туриб, воқеанинг нима билан тугашини сабрсизлик билан кутарди.
Тунги “сайёҳ”лар хўрак ҳидини олиб, бирин-кетин кадиларга ёпишдилар ва бошларини чиқаза олишмай, ҳар томонга сапчий бошлашди. Бу вақтда тонг ҳам ёришиб, шовқин-сурондан хабардор бўлгач, қишлоқ одамлари келиб қолишди ва махлуқлар осонликча қўлга олинди. Болакайнинг оғзи қулоғида эди.
Шу-шу бу ерга тоғ тулкилари ораламайдиган бўлишди. Қобил бобонинг ҳийласи айёр тулкиларнинг макридан устун келди.
Абдулла САИДОВ