ТЕРМИЗДА “ЁШЛАР МАРКАЗИ” ИШГА ТУШАДИ
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақилликнинг илк йилларидан юртимизнинг энг олис ҳудудларида ҳам барча қулайликларга эга таълим, тиббиёт муассасалари, болалар спорти иншоотлари, “Баркамол авлод” ва “Ёшлар марказ”лари қурилиб, замонавий усулда жиҳозланаётир.
Обод турмуш йилида Термиз шаҳрида замонавий “Ёшлар маркази” ишга туширилади. Ушбу муҳташам сарой ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, маънавий етук, жисмонан соғлом йигит-қизларнинг юрт фаровонлиги ва турмушимиз ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёсдир.
– Вилоятимиз ёшлари воҳада ўтказилган “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали, “Келажак овози” каби нуфузли кўрик-танловларда, турли спорт мусобақаларида яхши кўрсаткичларга эришди, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Оллақул Худойбердиев. – Термиз шаҳрида барча шароитларга эга замонавий “Ёшлар маркази”нинг ташкил этилиши уларнинг бу борадаги имкониятларини янада кенгайтиради.
Янги марказда барпо этилаётган иккита муҳташам залда турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилади. Қўшимча хоналарда эса ўн олти йўналишда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади. Хоналар замонавий усулда жиҳозланиб, ёшларнинг компьютер саводхонлиги, тикувчилик, пазандачилик, тасвирий ва амалий санъат, миллий ҳунармандчилик каби йўналишларда шуғулланиши учун барча шароит яратилади. Фан, спорт-соғломлаштириш тўгаракларига ёш авлоднинг илм-фан борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, жисмонан чиниқиши учун малакали мутахассислар жалб этилади.
– Тубдан реконструкция қилинаётган мазкур иншоот вилоят марказидаги энг кўркам бинолардан бирига айланади, – дейди “Сурхон лойиҳа” масъулияти чекланган жамияти лойиҳачи-муҳандиси Холмўмин Шодиев. – Буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик, осойишталик ва ёшларга кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Х.МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири