ИЛМ ЧЎҚҚИЛАРИ САРИ

Оиланинг бир қувончига ўн қувонч қўшиб, дунё юзини кўрган бек болага хонадон улуғлари Шерзоджон, дея исм қўйишди. Гўдакни униб-ўсиб камолга етишини ният қилишганида, келажакда моҳир учувчи ёки малакали шифокор, балки архитектор ё ўқитувчи бўлар, дея эзгу тилак ҳам билдиришди.

Дарҳақиқат, соф ниятнинг ижобати бугун Шерзоджонда ўз бўйини кўрсатмоқда десак, асло муболаға бўлмайди. Падари бузруквори, профессор Шуҳрат Ёвқочевнинг хизмат вазифаси сабаб Шерзоджон Миср Араб Республикасидаги инглиз тилига ихтисослаштирилган халқаро мактабнинг биринчи синфига ўқишга қабул қилинди. Сўнгра, пойтахтимиздаги 227-мактабда таҳсилни давом эттирди. У мактаб партасидаёқ “Авиамуҳандислик” тўгарагига мунтазам қатнаб бир қатор авиамоделлар яратган бўлса, спорт тўгарагидаги машғулотлар унинг жону дили эди. Таълим масканини муваффақиятли тугатган Шерзоджон Тошкент Ислом университети қошидаги академик лицейни ҳам имтиёзли тамомлаб, дадаси ва опаси таҳсил олган ҳамда ўзи орзу қилган Тошкент Давлат Шарқшунослик институтига ўқишга қабул қилинди. Айни вақтда у “Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик” факультети 4-босқич талабаси. Шерзоджон ўқиш давомида юқори рейтинг натижаларига эришиши билан бирга, республика ва институт миқёсидаги илмий-амалий анжуманларда ўзининг илмий-оммабоп мавзулардаги мақола ва маърузалари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, унинг “Хитой Халқ Республикаси фонд биржалари” номли рисоласи нашрдан чиқди. Хитой Халқ Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар масалаларига бағишланган ўндан зиёд илмий мақолалари чоп этилган. Шерзоджон тил ўрганишга иштиёқи баландлиги боис инглиз ва хитой тилларини мукаммал ўрганди. Халқаро стандартларга мос молиявий ҳисоб сертификати эгаси ҳам бўлди.

– Оилада икки нафар фарзандмиз. Гўзал опамнинг Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳиби бўлганлигидан қувончга тўлган ота-онамнинг ҳаяжонини кўриб уларга ўхшашга интилардим. Кишида иштиёқ бўлса ва ўз йўлини тўғри танласа кўп ютуқларга эришаркан. Спорт билан мунтазам шуғулланишим менга куч-ғайрат бағишлайди. Китоб мутолаа қилиш билимимни оширади, – дейди Ш.Ёвқочев.

– Айни вақтда иқтисодиётда етакчи мамлакатлар тажрибасини ўрганиш бўйича “Хитой Халқ Республикаси фонд бозорларининг шаклланиш ва ривожланиш хусусиятлари” мавзуида илмий изланишлар олиб боряпман. Бозор муносабатларида хитойликлар, аввало харидорнинг чўнтаги қай бир маҳсулот харидига тўғри келишини обдон ўрганади. Сўнгра шунга қараб маҳсулот ишлаб чиқаради. Иқтисодиётда бундай масалалар етакчи ўрин тутади. Келажакда соҳам бўйича етук мутахассис бўлишни олдимга мақсад қилиб қўйган эканман ҳали кўп ўқиб изланишим зарур.

Яна ўқинг:  ONA TILIM

Куни кеча эълон қилинган 2012-2013 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиялари танлови ғолиблари сафидан жой эгаллаган Шерзоджон Ёвқочев янги марралар сари интилмоқда. Ота-онаси ва устозларининг ўгитларига содиқ қолган йигитнинг орзулари эса осмон қадар юксак. Ватанга бўлган чексиз меҳру муҳаббатини ардоқлаб, йигитлик шаъни ва ғурурини сақлаб, тинимсиз ўқиб изланаётган иқтидорли талабага бундан кейинги ишларида ҳам муваффақиятлар тилаймиз.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: