Фарзандликка олишнинг қонуний тартиби

оилалар мустаҳкамлиги ва ёш авлод камолотида муҳим ўрин тутади

Мамлакатимизда ёшлар, айниқса, вояга етмаганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни баркамол шахслар этиб вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Айниқса, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилиб, йилдан йилга замон талабларига мос равишда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш асосида такомиллаштирилиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

2013 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Фуқаролик процессуал кодекси “Фарзандликка олиш” деб номланган янги 311-боб билан тўлдирилди. Қонунчиликдаги мазкур янгилик жамиятимизнинг асоси бўлмиш оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга, жисмонан соғлом, маънан етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини оширишга ҳамда оилавий муносабатларда қонунийликни таъминлашда суд органларининг аҳамияти ва нуфузини оширишга хизмат қилади.

Фарзандликка олиш ҳақидаги ариза билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси судга мурожаат қиладиган бўлса, ушбу ариза ҳудудий судловлилик қоидасига биноан, фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман, шаҳар) судлари томонидан кўриб чиқилади. Башарти, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилган тақдирда, бундай аризалар турдош судловлилик қоидасидан келиб чиққан ҳолда, бола яшайдиган ҳудуддаги тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, ҳал қилинади.

Фарзандликка олиш жараёнида қонунийликни таъминлаш ва фарзандликка олиш ишига масъулият билан ёндашиш мақсадида, қонунчиликда фарзандликка олиш ҳақидаги аризаларга нисбатан бир қатор талаблар қўйилган. Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 2852-моддасида айнан ушбу ҳолатлар батафсил баён қилинган.

Мазкур кодекснинг 2855-моддаси талабига асосан, фарзандликка олиш ҳақидаги фуқаролик ишлари, албатта, васийлик ва ҳомийлик органи ҳамда прокурор иштирокида кўриб чиқилиши шарт.

Шунингдек, фарзандликка олиш ҳақидаги фуқаролик ишларини кўриш жараёнида ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотлар ошкор бўлишига йўл қўймаслик ва фарзандликка олишнинг сир сақланишини таъминлаш мақсадида, ушбу тоифа ишлар ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Яна ўқинг:  ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Хулоса қилиб айтганда, фарзандликка олишнинг суд тартибида амалга оширилиши турли қонунбузилишларнинг олдини олибгина қолмай, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, боланинг оилада тарбияланиш ва ота-она ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиш каби эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Дилафрўз ЗАЙНИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: