Балиқни мунтазам тановул қилинг!

Балиқ гўштини тановул қилишни кўпчилик хуш кўради. Айниқса, куз фасли ушбу маҳсулотни истеъмол қилишнинг айни палласи ҳисобланади.

Шу ўринда шифобахш балиқнинг хусусиятларига тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик.

Маълумки, балиқдан пиширилган таом парҳезбоп бўлиб, у организмда холестерин миқдорини камайтиради, атеросклероз, юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти каби хасталикларнинг олдини олади. Балиқ ёғида пиширлган таомларни тановул қилиш чарчоқни енгишда ёрдам беради, ақлий ҳамда жисмоний қобилиятни оширади.

 

Балиқ харид қилаётганда нималарга эътибор бериш зарур?

Имкон қадар тирик балиқни сотиб олган маъқул. Чунки, тозаланганда ажралиб чиққан қон унинг танасини тозалаб ўтади, бу эса балиқнинг мазали бўлишини таъминлайди. Сифатли маҳсулотни танлашдан олдин, уни бармоқ билан босиб кўриш мумкин, эзилган жойида ўйиқ бўлмаслиги лозим. Балиқда сариқ, кулранг доғлар бўлса, уни харид қилмаган маъқул. Агар у ўлчамидан чўзилган ёки ўзгарган бўлса, демак, бу балиқ бир неча марта музлатилган бўлади.

 

Уни қандай пиширган маъқул?

Балиқни ёғда қовуриб олгандан кўра, димлаб пиширилгани организм учун фойдалидир. Сабаби, балиқ қўй ёки мол гўшти сингари юқори ҳароратга чидамли эмас. Қовураётганда ундаги турли нарсаларнинг ўз таркибини ўзгартиради ва фойдалилик хусусияти камаяди.

Баъзи аёллар балиқни қовуришдан олдин унга белаб олишади. Бу ҳам нотўғри, умуман балиқни нон ва ун маҳсулотларига аралаштириш маъқул эмас.

Пиширилган балиқни салат ва нондан бироз кейин истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, уни ширинликларга қўшиб ейиш ҳам мумкин эмас. Бундан ташқари, унга белаб пиширилган ёки ёғда қовурилган балиқ кишини тез чанқатади, кўп сув ичилгач, меъда шираси суюлиб, ҳазм жараёни ёмонлашади. Қайнатилган ёки димланган балиқ кишини чанқатмайди.

Балиқ совуқ мижозли одамларга ёқмайди. Чунки, унинг ўзи совуқлик ва намлик хусусиятига эга. Шу туфайли ҳам бундай мижозли кишилар балиқни мурч, қалампир, кашнич уруғи, шивит, бош пиёз, саримсоқпиёз, помидор қайласи қўшиб пиширишса ва истеъмол қилишса мақсадга мувофиқ бўлади.

Балиқли шўрваларни уй бекаларига, айниқса, кексалар ва эмизикли аёлларга кўпроқ ичишни тавсия этамиз. Чунки, бундай таом кишини бардам қилади, оналарнинг сутини кўпайтиради, шунингдек, нотўғри овқатланиш туфайли юзага келган заҳарланишларни тарқатиб юборади.

Балиқни бошқа гўштлар (мол, қўй, парранда гўштлари) билан бир идишда дастурхонга тортиш мумкин эмас. Сабаби, унинг ўзига хос ҳиди, биокимёвий таркиби мавжуд бўлиб, бошқа таомларга аралашганда, ҳазм қилиш жараёнини бузади. Бундан ташқари уни сут ва сут маҳсулотлари тухум, асал билан биргаликда истеъмол қилиш ҳам ярамайди. Шундай қилинса улар бир-бирининг ҳазм бўлишига ҳалақит беради ва киши мижозини бузади.

Яна ўқинг:  Простатит: муаммо, ташхис ва муолажа

Зоғора (сазан) балиғи натрий ва темирга бой. Шунинг учун у тузсиз парҳез учун мос. Дўнгпешана балиғини подагра, гипертония, ревматизмда истеъмол қилиш фойдали. Тунец эса артритдан халос қилиш, озиш, кўз ва мия фаолиятини яхшилашга ёрдам беради.

Маълумотларга қараганда, кальций моддаси балиқнинг бош ва дум қисмида кўпроқ бўлар экан.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, балиқдаги омега – 3 ёғ кислоталари инсон соғлиғида муҳим ўрин эгаллайди. У организмнинг қувват даражасини ошириб, диққатини жамлашга, хотирани мустаҳкамлашга ёрдамлашади.

 

Майна ҲАСАНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: