Парҳез – қандли диабет профилактикасида муҳим омил

Қандли диабет ҳозирги куннинг энг долзарб тиббий-ижтимоий муаммоларидан бири ҳисобланади. Ушбу хасталикнинг олдини олиш, уни даволаш йўлида қатор изланишлар олиб борилаётганига қарамай, айни дамда касаллик инсониятга катта хавф туғдирмоқда.

Ҳозирги замон диабетологияси жуда изчил ривожланаётган фанлардан биридир. Тиббий фанларнинг турли соҳалари ютуқларига таяниб (генетика, иммунология, биокимё ва бошқалар) амалий диабетологияга янги технологиялар, ташхислаш, даволаш ва профилактика усуллари киритилоқда.

Халқаро Диабет Федерацияси (IDF ), Диабетологларнинг Европа ассоциацияси (EASD), Бирлашган Қиролликнинг диабетларни ўрганиш маркази (UKPDS), Кардиоваскуляр диабет хавфини назоратга олиш бўйича ҳаракат маркази (ACCORD) каби миллий ассоциациялар ўзларининг анжуманларида диабетология соҳасидаги янгиликларни муҳокама қилиб, ЖССТ раҳнамолигида уларни амалиётга татбиқ қилиш бўйича тавсиялар бериб келмоқда.

 

Қандли диабетнинг 2-тури ҳақида маълумот.

Хасталикнинг бу тури билан оғриган беморларнинг кўпчилигида гликемия назоратини узоқ ва самарали даражада ушлаб туриш ҳанузгача қийин кечаётган муаммолардан бири бўлиб келмоқда. Қандли диабет бу турининг специфик асоратлари қон-томир тизимидаги ёндош касалликлар билан бирга келиши, қанд пасайтирувчи терапияни тўғри танлашни янада қийинлаштиради. Бундай вазиятларда даволашнинг самарали усули бу инсулинотерапиядир. Бироқ, беморда инсулин препаратлари қўлланилганда кўпинча гипогликемик ҳолатлар ва тана массасининг ошиши кузатилади. Ўтказилган клиник текширувлар шуни кўрсатадики, беморларни одам инсулинидан инсулин аналогларига (лантус (гларгин), детимир (левимир), ново рапид (аспард), апидра (глулизин), хумолог (лизпро) ўтказиш гипоглекимик хавфни камайтириб, тана вазнини оширмайди. Шу билан бирга, гликемик назоратни яхшилашга олиб келади.

 

Қандли диабетнинг 1-тури ҳақида маълумот.

Хасталикнинг ушбу тури болалар ва ўсмирлар орасида энг кўп тарқалган эндокрин касаллик ҳисобланади. Бу дард билан касалланиш даражаси маълум бир ирқий гуруҳга оидлик, мамлакатнинг географик жойлашиши, иқлим шароитлари ва атроф-муҳит омилларига, хусусан, овқатланиш турига қараб сезиларли фарқ қилади. Охирги ўн йил ичида эпидемиологик тадқиқот натижаларига кўра қандли диабетнинг 1-тури билан касалланиш айниқса, 5 ёшгача бўлган болалар орасида ортиб бормоқда.

Ўзбекистон бўйича ушбу касалликка эрта ташхис қўйиш, инсулин таъминотининг яхшиланганлиги ва унинг дозаларини оптималлаштирилганлиги, болаларни ўз-ўзини назорат қилиш усулига ўқитиш амалиётга фаол жорий қилинганлиги туфайли уларда ўлим ҳолатлари 98-99,5 фоизга, ўсмирлар орасида 98-100 фоизга прогрессив равишда камайганлиги таъкидланмоқда. Сўнгги йилларда амалга оширилган жуда кўп тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 1-тур қандли диабет – аутоиммун касаллик бўлиб, атроф-муҳитдаги патогенетик омиллар (токсин, вирус) панкреатин бета-ҳужайраларни шикастлайди. Бета-ҳужайраларнинг 70-80 фоизи шикастлангандан кейин хасталикнинг клиник манзараси намоён бўлади.

Яна ўқинг:  ФИЗИОТЕРАПИЯ муолажалари иммунитетни кўтаради

Узоқ вақт 1-тур қандли диабет жуда тез ривожланади деб ҳисобланган. Биринчи даражали қариндошларда систематик проспектив текширувлар ўтказиш шуни кўрсатадики, диабетнинг бу тури узоқ вақт яширин кечувчи аутоиммун касаллик бўлиб, тўсатдан ўткир тарзда юзага чиқиб қолиши мумкин. Хасталикнинг бу тури болаларда ҳар қандай ёшда ривожланиши мумкин. Касалланиш хавфи 9 ойликдан бошлаб, ўсмир ёшгача аста-секинлик билан ортиб боради ва катталарда камаяди. Болалик даврида асосан 1-тур қандли диабет ривожланади. Бу касаллик инсулин мутлақ етишмовчилиги билан тавсифланади ва ҳар доим инсулинга қарам ҳисобланади.

 

Унинг асосий белгилари қуйидагилардан иборат:

– Полиурия (кўп пешоб ажралиши),

– полидипсия (чанқаш),

– энурез (пешоб тута олмаслик, кўпинча тунда),

– беморнинг оғзидан ацетон ҳиди келиши,

– хаста одам вазнининг камайиши.

Қандли диабетга чалинган бемор ўз вақтида даволаниши, тўлақонли ва узоқ вақт меҳнат қобилиятини сақлаб қолиши, турли вазиятларда тўғри қарорга кела олиши учун ўз касаллиги ҳақида муайян даражадаги тиббий билимга эга бўлиши лозим. Оладиган давосидан қатъий назар, қандли диабетга чалинган бемор қондаги қанд миқдорининг мунтазам назоратини амалга ошириши керак бўлади. Бунга эришиш учун бемор парҳез қилиши, соғлом турмуш тарзига риоя этиши, шахсий гигиенага амал қилиши, жисмоний фаол бўлиши, ўзи учун тўғри касб танлай билиши керак. Агар хаста инсон ўз саломатлиги учун масъулиятни бўйнига олсагина олдига қўйган мақсадларининг барчасига эриша олади.

 

Диабет мактаби

Беморларга “Диабет мактаби”да биринчи навбатда қандли диабет ўзи қандай касаллик, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда унинг оқибатлари ва асоратлари, дардга ўз вақтида тўғри ташхис қўйиш, уни текшириш, даволаш усуллари, парҳез сақлаш тартиби, жисмоний юкламалар ҳақида ўргатилади.

 

Қандли диабетнинг 1-турини даволаш.

– Парҳез сақлаш,

– жисмоний ҳаракатлар,

– инсулинотерапиядан иборатдир.

 

Парҳезга оид тавсиялар:

Кундалик рациондан енгил сингувчи углевод сақловчи маҳсулотлар (шакар, асал, ширин кондитер маҳсулотлари, мураббо, ширин ва газли сунъий бўёқли ичимликлар) чиқариб ташланади.

Углеводли маҳсулотларни шундай турлари борки, уларни истеъмол қилгандан сўнг қонда қанд миқдори ошмайди. Уларга барча сабзавотлар – бодринг, помидор, редиска, шолғом, сабзи, қовоқ, салат барглари, кўкатлар киради. Дуккакли маҳсулотлар эса энг углеводга бой ҳисобланади. Бироқ, уларни истеъмол қилгандан кейин қондаги қанд миқдори жуда юқори бўлиб кетмайди. Шу сабабли агарда бемор ушбу маҳсулотларни меъёрида истеъмол қилса, (масалан: гарнирга 200 граммдан ошмаса) уларни ҳисобламаса ҳам бўлади. Сабзавотлардан картошка ва маккажўхорини албатта ҳисобга олиш зарур.

Яна ўқинг:  Йод танқислиги жиддий муаммога сабаб бўлади

Инсоннинг табиий ширинликка бўлган эҳтиёжини беморлар қанд ўрнини босувчи воситалар ёрдамида қондириши мумкин. Уларни ширинликсиз тура олмайдиган инсонларга тавсия этилади. Энг кенг тарқалган калорияга эга қанд ўрнини босувчи маҳсулотларга ксилит, сорбит, фруктоза киради. Калориясиз қанд ўрнини босувчи сахарин, аспартам, ацесульфам каби маҳсулотлар бемор учун фойдали. Ортиқча вазнга эга бўлган беморлар калорияли қанд ўрнини босувчиларни истеъмол қилмаганлари маъқул. Агарда бемор ширинликка ўч бўлмаса, унда уни қанд ўрнини босувчи маҳсулотларга ўргатиш шарт эмас.

 

Бир кеча-кундузлик энергия қуйидаги калория ҳисобига қопланиши лозим:

Углеводлар – 55-60 фоиз;

оқсиллар – 15-20 фоиз;

ёғлар – 20-25 фоиз.

 

Тўйинган ёғ кислоталар 10 фоизгача чегараланади. Улар моно ва поли – тўйинган ёғ кислоталар билан алмаштирилади. Уларнинг нисбати (1: 1: 1).

Мактаб ёшигача бўлган болаларда тўйинган ёғ кислоталарни истеъмол қилиш чегараланмайди.

Қуйидаги маҳсулотларни қабул қилиш ҳужжатлаштирилиши лозим. Нон бирлиги (НБ) бўйича ҳисобланади: донлар, суюқ сут маҳсулотлари, айрим сабзавот турлари (картошка, жўхори), ҳўл мевалар.

 

Жисмоний вазифага оид тавсиялар:

Жисмоний вазифалар тартиби индивидуал равишда танланади. Чунки, бу жисмоний юкламалар инсулинга сезгирликни оширади ва гликемия даражасини камайтиради. Натижада беморда гипогликемия ривожланишига олиб келиши мумкин. Жисмоний иш жараёнида гипогликемия хавфи ошади ва оғир вазифадан сўнг 12-40 соат давомида сақланади.

Бир соатдан ортиқ давом этмайдиган енгил ва ўртача жисмоний вазифа бажаришдан олдин ва машғулотдан сўнг бемор қўшимча углеводлар қабул қилиши керак. (Ҳар бир 40 дақиқали машғулотга 15 г енгил сингувчи углеводлар тавсия этилади).

Бир соатдан ортиқроқ ўртача жисмоний машқ давомида ва беморнинг жадвалли спорт тури билан шуғуланишида эса инсулин миқдорини жисмоний вазифа бажариш вақтида ва ундан кейинги 6-12 соатда 20-50 фоизгача камайтириш керак. Қондаги глюкоза даражасини беморга жисмоний вазифадан олдин ва уни бажариш вақтида ва ундан сўнг аниқлаш лозим. Гликемия даражаси 13-15ммоль/л дан ортиқ бўлган даврда жисмоний вазифа тавсия қилинмайди.

 

Гулбаҳор ХИДИРОВА,

Тошкент вилоят Эндокринология диспансери бош шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: