Шундай азиз юртда улғайганимдан Яратганга шукроналар айтаман

Она учун дунёда энг улуғ бахт нима деб сўрашса, ҳеч иккиланмай фарзандлар соғлиғи, уларнинг бахту камоли деб жавоб берган бўлардим.

Қизалоғим дунёга келганда унга эзгу ниятлар ила Жасмина деб исм қўйдик. Фарзандим кундан-кунга ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, ширинтой қизалоқ бўлиб, улғая бошлади. Шундай кунларнинг бирида кутилмаганда бахтсиз ҳодиса юз берди-ю, бутун дунё кўзимга тор бўлиб кетди. Кимёвий куйиш Жасминанинг оёқларига “кишан”солди, гўё. Шифокорлар фарзандимга чап оёқ болдир қисмининг фалажлиги дея ташхис қўйишди.

Мактаб ёшига етгач, бир тўшакда оғриниб ётган қизимга, бир орқасига сумкани илганча мактаб томон чопиб бораётган тенгдошларига қараб, кўзимдан “дув-дув” ёш томчиларди. Шу тахлит кунлар, ойлар ўтаверди…

Кунларнинг бирида Бухоро вилоят тиббий ижтимоий патронаж бригадаси шифокорлари “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Жасмина каби беморларга ёрдам беришини айтишди. Менда яна умид учқунлари пайдо бўлди. Тиббий текширувлардан ўтгач, қизимни Германияга даволаш учун юборишди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг эса у бутунлай оёққа турди.

Оиламиз билан Жасминани кутиб олиш учун аэропортга чиқдик. Биз томон ўз оёқлари билан юриб келаётган боламни кўриб, кўзларимдан шашқатор севинч ёшлари оқди. Ўша пайтдаги хурсандчилигимни сўз билан таърифлаб бера олмайман.

Ҳозирда қизим мактабга ўзи бемалол бориб келади. Билим бобида тенгдошларидан сира қолишмайди. Баъзида дарсларга берилиб кетса, ундан бироз дам олишини сўрайман. Шунда у менга “онажон, келажакда энг зўр шифокор-жарроҳ бўламан. Бунинг учун кўп ўқишим керак” дейди. Ана шундай кезларда она ва бола саломатлиги йўлида ғамхўрлик кўрсатаётган шундай азиз юртда улғайганимдан Яратганга шукроналар айтаман.

Шу фурсатдан фойдаланиб, фарзандимни тенгдошлари билан билим олиш бахтига муяссар қилганлари, менга эса орзу-умидларимни қайтариб берганлари учун “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг барча жонкуяр ходимларига чексиз миннатдорлигимни билдираман. Келажакдаги хайрли ишларингизда омад ва зафарлар тилайман!

 

Лутфия ҲУСЕНОВА, Бухоро вилояти, Қоракўл тумани

Яна ўқинг:  Бухорода Ўзбекистон ёшлари куни нишонланди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: