Ишончномада муддат кўрсатилмаган бўлса…
– Ишончнома қанча муддатга берилади? Ишончнома берилган шахс истаган вақтда ундан воз кечиши мумкинми? Ишончнома қандай ҳолларда бекор қилинади?
Абдулатиф ЮНУСОВ,
Шайхонтоҳур тумани
– Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик кодекси”да белгиланганидек, ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.
Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.
Нотариус томонидан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди.
Ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:
1) ишончнома муддатининг тамом бўлиши;
2) ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши;
3) ишончнома берилган шахснинг бош тортиши;
4) номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;
5) номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;
6) ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши;
7) ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши.
Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса – ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги битим ҳақиқий эмас.
Ишончноманинг амал қилиши бекор бўлганидан кейин ишончнома олган шахс ёки унинг меросхўрлари (ҳуқуқий ворислари) дарҳол ишончномани қайтариб беришлари шарт.
Саволларга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани 2-давлат нотариал идораси нотариуси Камола ЖЎРАБОЕВА жавоб берди.