МАҲАЛЛА МАСЛАҲАТЧИСИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Диний-маърифий ишлар бўйича маҳалла маслаҳатчиси бўлиб ишлаш нафақат дунёвий, балки диний илмдан ҳам хабардор бўлишни талаб қилади. Чунки, иш жараёнида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбияга оид фуқаролар таклифларини ўрганиши ва ҳаётга тадбиқ этиши керак. Маслаҳатчи ўзини тутиши, кийиниши одоби, муомаласи билан маҳалладаги қиз-жувонлар, келину қайноналарга ўрнак бўла олиши лозим. Шундагина унинг сўзи ўткир, таъсирли, фаолияти эса самарали бўлади.

– Кўпинча оилавий низоларни ҳал этишда қатнашаман. Биламанки, баъзи ёш келинларимиз ниҳоятда бесабр ва эркатой. Қайнонанинг яхши гап билан ўргатаётган йўл-йўриқларини ҳам нотўғри тушуниб жанжал чиқаришади, ҳаётга енгил қарашади. Маҳалла фаоллари билан бирга уларнинг ота -оналари билан гаплашаман. Уларга қиз бола уйдан учирма бўлаётганда бор эркаликларини уйда қолдиришларини қизларининг онгига сингдириш кераклигини тушунтираман. Бу эса кўп оилаларнинг ҳеч бир сабабсиз, арзимаган муаммоларни деб ажралиб кетишларининг олдини олишда қўл келмоқда, – дейди “Энг намунавий маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибаси навоийлик Холида Эргашева.

Маҳалла маслаҳатчилигига сайланаётган шахс авваламбор, муомала маданиятига эга бўлиши керак. Айрим ҳолларда раис ва маслаҳатчиларнинг қўпол муомаласига дуч келган фуқаронинг “Муомалани билмайдиган одамни ҳам маҳаллага раҳбар қилиб қўйишадими?” мазмунидаги норозиликларини эшитиб қоламиз. Маслаҳатчи ҳудудда яшаётган ҳар бир фуқаронинг дилига йўл топа олиши, тарбияси оғир ўсмирлар, носоғлом диний ғоялар таъсирига тушиб қолган оилалар, жазо муддатини ўтаб қайтган шахслар билан алоҳида ишлаши, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишларига қўлидан келганича ёрдамлашиши даркор.

– Маслаҳатчи деганда кўз олдимизга мулойим, ширинсўз, барчага бирдек яхши муомала қиладиган аёл келади. Бу шунчаки гап эмас. Диний-маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи маънавий, ахлоқий баркамол, жамоат ишларида фаол қатнашиб келган шахс бўлса, бу фазилатлари унинг маслаҳатчи бўлиб ишлашида қўл келади. Чунки, “Фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси фаолияти тўғрисида”ги намунавий низомнинг 2.1.10 -бандида таъкидланишича маслаҳатчи “Маҳалла хотин-қизлари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, кийиниш маданиятини юксалтириш борасида аниқ тадбирларни ишлаб чиқиши, амалга ошириши” кераклиги белгилаб қўйилган. Тўғри, у яхши тарбия кўрган, маданиятли, ташкилотчи бўлиши мумкин. Бироқ, унинг кўриниши маслаҳатчи деган номга мос келмайди. Ушбу лавозим эгаси нотиқ бўлсин, у гапираётган ҳар бир гап, у қилаётган ҳар бир иш фуқароларни тўғри йўлга бошласин, уларнинг кўнглидан жой олсин – дейди Холида Эргашева.

Яна ўқинг:  ДУОГЎЙ КЕКСАЛАР – БАХТУ САОДАТИМИЗ

Маслаҳатчининг нафақат ўзи балки оиласи ҳам барчага ўрнак бўлса янада яхши. Унинг уйида ҳар куни жанжал бўлиб турса ёки келинлари билан чиқиша олмай туриб, қайнона-келинларни муросага чақирса фаолияти самарасиз бўлади.

Маслаҳатчидан нафақат намунали хулқ-атворга, балки ҳуқуқий ва тиббий жиҳатдан ҳам билимга эга бўлиш талаб қилинади.

Саида Ибодинова,

Журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: